Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши керак. Президентимиз илгари сурган ушбу фикр асосида мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Фуқароларнинг ўз ҳаёт шароитларидан розилигини белгиловчи яна бир муҳим мезон – уларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигидадир. Бунинг учун эса тизим етарли даражада кадрлар билан таъминланиши зарур. Қулай бинолар, замонавий асбоб-ускуналар бор тиббий муассасаларда малакали ходимлар ишламаса, тиббий хизматдан одамларни рози қилиш имконсиз.
Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам давлатимиз раҳбари ғоят зарур тавсия ва ташаббусларни илгари сурди.
Йиғилишда қишлоқ врачлик пунктларидаги мавжуд шароит кундалик талаблар ва иш ҳажми билан мутаносиб эмаслиги, ҚВП умумий амалиёт шифокори зиммасига 146 турдаги касалликка диагноз қўйиш ва даволаш, 213 тур оғриққа бирламчи диагноз қўйиш ва йўлланма бериш, шунингдек, реабилитация, диспансеризация ва профилактика бўйича жуда кўп вазифалар юклатилганлиги таҳлил қилинди. Ҳақиқаттан ҳам, туманлардаги муассасаларда фаолият юритаётган шифокорлар бир неча мутахассис вазифасини бажаришга мажбур бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги тиббий хизмат тизими, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг вазифа ва функцияларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Жойларда шифокорлардан аҳоли норозилигининг ошиб бораётгани, беморларнинг яқинлари ва шифокорлар ўртасида турли низолар келиб чиқаётгани бўйича мисоллар оз эмас. Чиндан ҳам соҳада кадрлар етишмовчилиги, кам сонли шифокорларга иш юкламасининг йиллар давомида юқори бўлиб қолаётгани сифатли тиббий хизмат кўрсатишга халақит бериб келмоқда.
Видеоселектор йиғилишида чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғин тиббиёт тизими учун “Қишлоқ шифокори” дастури жорий қилиш, бу дастурга мувофиқ олис ҳудудлардаги бирламчи бўғинга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи берилиши ва уларни хизмат уйи билан таъминлаш ёки ижара тўлови компенсациясини йўлга қўйиш бўйича билдирилган таклифлар, албатта нафақат соҳа ходимларини айни вақтда барча ҳамюртларимизни мамнун этади.
Халқ демократик партияси ўз электорати манфаатларидан келиб чиқиб ҳам ушбу муаммони тизимли ҳал қилишни асло орқага суриб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Шифокорлар етишмайдиган туманларда ушбу лавозимни ёш мутахассислар учун жозибадор қилиш чораларини кўриш вақти келди.
Тиббий хизмат сифатини ошириш, қишлоқ ҳудудларидаги тиббий муассасаларни малакали кадрлар билан таъминлаш фақат соғлиқни сақлаш вазирлигининг вазифаси эмас, балки бутун бир жамиятимизнинг ижтимоий муаммосидир. Шунинг учун барча мутасадди ташкилотлар ушбу муаммони ҳал қилишда фаол иштирок этишлари керак. Партия депутатлик гуруҳларида бу масалалар бўйича раҳбар ва соҳа мутасаддилари ҳисоб беришади.
Мўътабар ҚОЗИЕВА,
ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раиси ўринбосари.