Таълим тизими чуқур ислоҳ этиляпти
Таълим тизими чуқур ислоҳ этиляпти

бу фарзандларимиз бахтли келажагидан умидвор халқимизни беҳад қувонтирмоқда

Аксарият ота-оналар боласини билимли, ўқимишли бўлишини орзу қилади. Бу ўз-ўзидан таълим-тарбия жараёни билан боғлиқдир. Бежизга ота-боболаримиз «Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшдир», деб бежизга айтишмаган. Ушбу нақшнинг қанчалик мустаҳкам бўлиши ота-онага ҳамда боғча, мактабда болаларга бериладиган билим сифати ва даражасига бевосита боғлиқ.

Юртимизда келажагимиз давомчилари бўлган баркамол авлод вакилларининг тақдири ва келажаги доимий давлатимиз эътиборидадир. Чунки келажагимиз равнақи айнан шу соҳада қўлга киритилган ютуқлар билан чамбарчас боғлиқдир.

Давлатимиз раҳбарининг таълимни такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги нутқи ҳам бунинг ёрқин исботидир. Йиғилишда ўқитувчининг обрўсини баланд қилиш, унинг мақомини кўтариш, ўқув дастурлари ва методикасини қайта кўриб чиқиш, мактабни таълимнинг кейинги босқичлари билан узвий боғлаш каби долзарб масалалар ҳам муҳокама этилди. Бу борада устувор йўналишлар, вазифалар кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон учун Финляндия таълим тизимининг намуна сифатида қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эканлиги эътироф этилди. Шунингдек, таълимдаги муаммоларни илмий асосда ва тизимли ҳал этиш ҳамда мамлакатимиздаги таълим муассасалари ўртасидаги интеграцияни кучайтириш мақсадида Абдулла Авлоний номидаги қайта тайёрлаш ва малака ошириш институти негизида янги илмий-текшириш институти ташкил этилиши таҳсинга лойиқдир.

Маълумки, таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш мақсадида Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳада тизимдаги муаммоларни ҳал қиладиган, яқин беш йилда натижасини кўрсатадиган ва кейинги тараққиёт даражасини белгилаб берадиган вазифалар қамраб олинган. Хусусан, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан халос этиб, ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш ва шуни рағбатлантириш, мактаб инфратузилмасини ва ундаги маънавий муҳитни яхшилаш каби муаммоларнинг ечимлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Депутатлар ҳам таълимдаги жараёнларнинг бевосита назоратчисига айланиши кераклиги ҳам йиғилишда муҳокама этилган муҳим масалалардан бири бўлиб, бу ҳар бир халқ ноибидан катта масъулият талаб этади.

Яқинда халқ депутатлари Навоий вилоят кенгашининг Х сессиясида вилоятимиздаги таълим тизими ҳам муҳокама этилди. Вилоят бўйича 94 та мактабда таълим қардош тилларда олиб борилади. Хусусан, 21 та рус, 3 та қорақалпоқ, 65 та қозоқ ва 5 та тожик тилида ўқитиладиган мактаб бор. Уларда 24 096 нафар ўқувчи таҳсил олади. Президентнинг Навоий вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғига асосан, ўзбек адабиёти вакилларининг 11 та асари қозоқ ва тожик тилларига таржима қилинган ҳамда 18 711 нусхада чоп этилиб, таълим муассасаларига етказилган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айни кунда 21 450 дона қозоқ, 2 230 дона тожик ҳамда 660 дона қорақалпоқ тилидаги бадиий адабиётга эҳтиёж бор.

Партиямиз Сайловолди дастурида таълим масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Партия ташкилотларимиз, депутатлар ўқув муассасаларидаги шарт-шароитларни яхшилаш, ўқитувчиларнинг масъулиятини ошириш бўйича муайян ташаббусларни илгари сурмоқда. Бу йўналишдаги амалий саъй-ҳаракатларимиз узлуксиз давом этади.

 

Мақсуд НУРУЛЛАЕВ,

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши раиси.

← Рўйхатга қайтиш