Мустақилликнинг 29-йили: Янгиланаётган Наманган қиёфаси кўзни қамаштиради

Аждодларимизнинг асрий орзуси ушалган, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклаган бу кунни халқимиз ҳар йили интизорлик билан кутади, катта шодиёна билан нишонлайди. Шу кунларда истиқлолнинг 29 йиллигини миллий давлатчилигимизни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш, энг муҳими, юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш ҳамда халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ўзига хос, мутлақо янги ёндашувларга асосланган ислоҳотлар даврида кутиб олмоқдамиз.

Инсоният яралибдики мустақил, озод ва эркин бўлишга интилади. Миллатнинг келажагини таъминлаш, қадри ва қимматини асраш, ҳаётнинг мазмуни бўлган фарзандларга ёрқин келажак ато этишнинг энг муҳим омили ҳам шунда, аслида.

Шу маънода, мустақиллик йилларида юртимизда таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш, эртанги кунимизнинг муносиб давомчиларини камолга етказиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Соҳанинг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий механизми яратилди. Юртимизнинг барча ҳудудларида, шаҳарлардан тортиб чекка-чекка қишлоқларгача кўркам қиёфали юзлаб мактаблар, замонавий таълим даргоҳлари барпо этилди.

 

Таълимга эътибор – келажакка эътибор

Миллатнинг келажаги аввало, ёш авлоднинг интелектуал салоҳияти ва таълим даражасига боғлиқлиги исбот талаб этмайдиган ҳақиқатдир. Шунинг учун таълим тизимини замонавий методлар асосида янада ривожлантириш, ёшларга зарур имконият ва шароитларни яратиб бериш кун тартибида турган асосий масала сифатида қараб келиняпти.

Хусусан, Наманган вилоятида ҳам бу борада қилинаётган ишлар ҳаммамизда юксак ғурур уйғотади.

Давлатимиз раҳбари Наманган вилоятига ташрифи доирасида Ибрат номидаги мактабни ташкил этиш ташаббуси билан чиққан эди. Ушбу мактабда иқтидорли ёшларимиз хорижий тилларни пухта ўрганади. Бу албатта, вилоятдаги иқтидорли ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантиришга жуда катта қадам бўлди.

Орадан кўп вақт ўтмай республикамизда биринчилардан бўлиб Президент мактабининг ташкил этилиши эса нафақат ўқувчи ёшларнинг балки, фарзандининг келажагига бефарқ бўлмаган ота-оналар орзусининг рўёби бўлди, десам муболаға бўлмайди. Ҳозирда жахоннинг етакчи давлатларидаги халқаро мактаблардан хеч қолишмайдиган мазкур илм даргоҳида таҳсил олаётган ёшларимиз нафақат вилоятнинг, балки, давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ўз ҳиссасини қўшадиган етук кадрлар бўлиб етишишига шубҳа йўқ.

Ёшларимизнинг нафақат пухта таълим олиши балки, мароқли ҳордиқ чиқариши учун ҳам етарли шароитлар мавжуд. Наманган шаҳрининг қоқ марказида барпо этилаётган «Афсоналар водийси» боғининг нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳонда ўхшаши камдир. Ушбу боғга кирсангиз, ўзини эртаксимон бир мамлакатга келиб қолгандай ҳис қилаётган болаларнинг ҳаяжони ва кайфиятидан кўнгил тоғдек кўтарилади. Нафақат замонавий балки, миллий меъморчиликни акс эттириб гавдаланган бу кичик ўзига хос мажмуани “ширин орзулар мамлакати” дея таърифлагинг келади. Келажакда ушбу боғ вилоятнинг ташриф қоғозига айланса не ажаб.

 Ҳозирда қисман ишга туширилган маданият ва истироҳат боғи тўлиқ фойдаланишга топширилса, йилига 600 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

 

Аҳоли соғлиги энг бирламчи вазифа

Давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга оид қарорлари натижасида жойларда замонавий тиббий муассасалар ишга туширилмоқда. Наманган шаҳридаги «ANAMED» хусусий диагностика маркази ана шундай субъектлардан биридир.

Нейрожарроҳлик, неврология, кардиология, урологияга ихтисослашган ушбу марказ «General Еlectric», «Siеmens» ва бошқа компанияларнинг илғор диагностика ускуналари билан жиҳозланган. Малакали кадрлар жамоаси шакллантирилган. Бу борада Буюк Британия, Япония, Россиядаги етакчи диагностика марказлари билан ҳамкорлик ўрнатилган. Бир гуруҳ шифокорлар ушбу мамлакатларда малака ошириб қайтган. Ҳиндистон ва Россиядан тажрибали шифокорлар ишга жалб этилган.

Ҳозирги пандемия шароитида ҳам касалликни эрта аниқлаш ва аҳолини соғлигини таъминлаш борасида ушбу марказнинг роли аҳамиятли, албатта. Зеро, касалликни даволагандан кўра, уни олдини олиш, тўғри ташхис қўйиш ва касалликларни эрта аниқлашда бундай диагностика марказлари муҳим.

 

“Бир жойда - минг оила иссиқхонаси” лойиҳаси

Халқимизда азалдан “қуруқ қоп тикка турмайди” деган нақл бор. Наманганда аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш орқали доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш мақсадида Чортоқ тумани баланд адир худудида “Бир жойда - минг оила иссиқхонаси” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу ерда кам таъминланган оилалар учун ҳар бири 2 сотихли 1000 та иссиқхона ташкил этилди. Ҳозирда кунда йилига 7 минг тонна сабзавот маҳсулотлари етиштириш имконини берадиган иссиқхоналар қуриб эгаларига топширилди.

Баланд адир даштликларида узоқ йиллар давомида фойдаланилмаган 36 гектар майдондаги ҳар бири 2 сотихли 1000 та иссиқхона лойиҳаси “Голден Натс Наманган” агро томорқа хизмати масъулияти чекланган жамият ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳага Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 6,7 миллиард сўм субсидия маблағлари ва тижорат банкларининг 6,3 миллард сўмлик имтиёзли кредити йўналтирилди, бу эса аҳолининг реал даромадларини оширишга хизмат қилади. Келажакда ушбу иссиқхоналар камида 10000 та қуриб аҳолига топширилиши режалаштирилди.

 

Аҳоли даромадларини ошириш йўлида...

Наманган шаҳрида 6 та кичик саноат зонаси ташкил этилди. Айни пайтда тадбиркорлар ташаббуси билан кичик саноат зоналарида умумий қиймати 1 триллион 229 миллиард сўмликдан ортиқ 211 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Қарийб 124 гектар майдонни эгаллаган “Орзу”, “Пахталиккўл”, “Юксалиш”, “Хонобод”, “Машад”, “Зарбдор” кичик саноат зоналарида режалаштирилган барча лойиҳалар тўлиқ қувват билан ишга тушгач, 16 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Жумладан, 10 гектарга яқин майдонда ташкил этган “Орзу” кичик саноат зонасида умумий қиймати 142,3 миллиард сўмлик 22 та лойиҳани амалга ошириш ва уларда 2 минг 250 иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Бугунги кунда бу ерда фаолиятини тўлиқ йўлга қўйган 12 та корхонада 900 киши иш билан таъминланган.

“Боссер Текстил сервис”, “Идеал Текстил Орзу”, “Суғдиёна файз текстил”, “Нуробод сифат текстил”, “White gold towel textile”, “Порлоқ текстил либослари”, “Авазхон келажак” каби тикувчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарда 20 нафардан 300 нафаргача аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди. “Орзу” кичик саноат зонасидаги “Кварц саноат” корхонасида сумка, “Улуғ-Б” корхонасида полиэтелин маҳсулотлари, “Мега эко пласт” корхонасида полиэтилентерефталат гранулалари ишлаб чиқариш, “Перфект фрутис”, “Артел” корхонаси маҳсулотларини етказиб бериш, “Универсал Фуд Траде” томонидан мева-сабзавотни сақлаш ва қайта ишлаш фаолияти йўлга қўйилиб, юзлаб иш ўринлари яратилди. Бу юқоридаги лойиҳаларнинг дастлабки босқичида эришилган натижалар экани ва улар тўлиқ қувват билан иш бошлагач, иш ўринлари сони яна икки баробар ортишини таъкидлаш жоиз. Шунингдек, жорий йил биринчи ярмида “Орзу” кичик саноат зонасида яна 10 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 700 та иш ўрни яратилади.

“Орзу” кичик саноат зонасида фаолият кўрсатаётган “Идеал Текстил Орзу” МЧЖ қиймати 22 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилиб эркаклар учун костюм ва бошқа мавсумбоп курткалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Йилига 250 минг дона турли ассортиментдаги кийим-бош ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада тайёрланган хушбичим либосларнинг 60 фоизи ташқи бозорга чиқарилиши кўзда тутилган.

 

Чортоқ янгича қиёфада кўкка бўй чўзмоқда

Албатта, фаровонликка интилиш, ўзи яшаётган худудни файзли ва кўркам қиёфага келтириш халқимизнинг қон қонига сингиб кетган эзгу фазилатлардан. Буни чортоқликлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Мустақиллик йилларида Наманганнинг Чортоқи бетакрор қиёфага эга бўлди, янада кўркамлашди.

Туманда шаҳарсозлик ва миллий анъаналаримизни ўзида мужассам этган қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари кенг қулоч ёйган. Янгитдан-янги бино ва иншоотлар қад ростамоқда, зиёратгоҳлар обод қилиняпти.

Яқинда Балиқкўл қишлоғида жойлашган Султон Увайс Қароний зиёратгоҳи реконструкция қилиниб, кенг ва обод масканга айлантирилди. Бу ерга ташриф буюрувчи зиёратчиларга шароитлар яратилди. Янгидан қад ростлаган 1400 ўринли масжиддан ҳудуддаги аҳоли ва зиёратчилар бемалол фойдаланиши учун шароит яратилди.

Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида 200 ўринли эҳсонхона, 20 ўринли меҳмонхона, музей, мақбара янгидан қад кўтарди. Эътиборлиси “Биби Наима она” зиёратгоҳи ҳам бутунлай ўзгача қиёфа касб этгани билан бир қаторда хориждан келтирилган электромобил қатнови ҳам йўлга қўйилганлиги зиёратчиларга қўшимча қулайлик яратмоқда.

Ҳали олдимизга қўйган мақсадлар салмоқли, марралар эса жуда ҳам баланд. Ўйлайманки, меҳнаткаш халқимизнинг шижаоти, тадбиркор ва ишбилармонларнинг сайи ҳаракатлари ва давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши замирида биз ҳар қандай чўққиларни биргаликда забт этамиз. Зеро, хозирги муваффақиятларимиз бошланган ишларимизнинг дебочасидир.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш