Бугунги кунда давлат бошқарувини ташкил этишда вакиллик органларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Уларнинг самарали фаолият юритиши эса, биринчи навбатда, сиёсий партияларнинг фаоллиги ва уларнинг етуклик даражасига боғлиқ. Вакиллик ҳокимияти ва сиёсий партияларнинг томири уйғун.
Яъни, вакиллик ҳокимияти яхши ишлаши учун сиёсий партиялар фаолияти кучли бўлиши керак. Бу куч ўз-ўзидан пайдо бўлиши қийин. Бунинг учун сиёсий партияларга ташаббускор, салоҳиятли, ҳаракатчан кадрлар, замонга мос моддий-техник база сув билан ҳаводек зарур. Бу икки зарурат барқарор ва етарли молиявий таъминотни тақозо этади.
2004 йилда «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида» қонун қабул қилиниши, шунга асосан сиёсий партияларнинг фаолиятини давлат бюджетидан молиялаштириш имкони яратилиши кўппартиявийлик тизими шаклланиши, партияларнинг фаолияти кучайишида муҳим омил бўлган эди.
Бугун ривожланган давлатлардаги каби мамлакатимизда фаолият юритаётган бешта сиёсий партия молиялаштириш манбаларининг асосий қисмини давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ташкил этмоқда. Ҳатто айрим партияларга ажратиладиган маблағ партия умумий маблағининг 80-90 фоизни ташкил этмоқда.
Президентимиз бошчилигида давлат бошқаруви тизимида вакиллик органларининг ролини ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар партиялардан ҳозиргидан анча кучайишни талаб этмоқда. Соғлом рақобат зарурати борган сари ортмоқда. Бундай вазият аввало партиялар зиммасидаги масъулиятни оширди.
Шу билан бирга, сиёсий партияларнинг устав фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат бюджети маблағларининг тақсимланиши тартибини қайта кўриб чиқишни, самарали янги тартиб жорий қилишни тақозо этяпти.
Маълумки, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддаси учинчи қисмида “маблағларни олиш ҳуқуқига эга бўлган сиёсий партиялар ўртасида уларнинг Қонунчилик палатасида олган депутатлик ўринлари миқдорига мутаносиб равишда” тақсимланиши белгилаб қўйилган. Депутатлик ўрнига қараб маблағ олиш тартиби сиёсий партиялар ривожига, жамиятда кўппартиявийлик тамойили мустаҳкамланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Маблағларнинг бу тарзда тақсимланиши сайловларгача кучли моддий-техник таъминот ва молиявий имкониятларга эга бўлган партияларнинг сайловлардан кейин бу борада янада кучайишига, аксинча, заифроқ молиявий таъминотга эга партияларнинг янада заифлашувига олиб келмоқда.
Мисол учун, ўтган йилги сайловгача ҳам кучли моддий-техник имкониятлари бўлган Ўзбекистон Либерал демократик партияси сайловдан кейин йилига 29 млрд. сўм давлат маблағларини олиш имкониятига эга бўляпти. Фаолиятини яқинда бошлаган, моддий, молиявий имкониятлари анча чегараланган Экологик партияси сайловдан кейин бюджетдан йилига 8 млрд. сўм маблағ оладиган бўлди. Яъни, бу икки партия фаолиятини молиялаштиришдаги фарқ 21 млрд. сўм ёки 3,6 баробарни ташкил қиляпти. Яъни, бундай тартиб имкониятлари тенг бўлмаган партиянинг йўлини янада торайтирмоқда.
Бундай ҳолатнинг олдини олиш, сиёсий партиялар самарали фаолият юритиши учун тенг имкониятлар яратиш мақсадида «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасини учинчи қисмига ўзгартиш киритиш лозим.
Яъни, сиёсий партияларнинг ўз уставларида назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат бюджети маблағларининг 50 фоизини олиш ҳуқуқига эга бўлган сиёсий партиялар ўртасида тенг тақсимлаш, қолган 50 фоизини эса сиёсий партиялар Қонунчилик палатасида олган депутатлик ўринларига мутаносиб равишда тақсимлаш таклиф этиляпти. Бу билан имкониятларни тенглаштириш жорий этилган бўларди.
Таъкидлаш лозимки, бундай тартиб кўплаб ривожланган давлатларнинг амалиётида қўлланиб келинмоқда. Мисол учун, сиёсий партияларни давлат томонидан молиялаштиришни дунёда биринчи бўлиб қонун билан жорий қилган давлат – Германияда худди шундай тартибга амал қилинади.
Шунингдек, имкониятларни тенглаштириш тартиби Аргентина, Венгрия, Мексика, Албания, Македония, Швеция ва бошқа бир қатор давлатларда кенг қўлланиб келинмоқда.
Қонунчиликка таклиф этилаётган маблағларни тақсимлашнинг янги тартиби сайловлар жараёнида сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобатни кучайтиришга, сайловлардан кейин изчил фаолият юритиш учун партияларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Улуғбек Вафоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати