Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича 2020 йил учун белгиланган режа асосида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. 5 та ташаббус доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларни манзилли рўйхатлар асосида квоталанган иш ўринларига жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан ҳамкорликда тумандаги иш билан банд бўлмаган ҳотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб, улар босқичма-босқич ҳудудлардаги ишлаб чиқариш цехлари ва мавсумий ишларга жалб этилмоқда. Жумладан, “Дахякота” МФЙ ҳудудида яшовчи, кам таъминланган фуқаролар рўйхатида турувчи 38 та оилада яшайдиган хотин-қизлар ишсиз. Депутат фаоллиги билан “Баландариқ Водий ипаги МЧЖ” нинг тикувчилик цехига 14 нафар аёллар ишга жойлаштирилган.
Тумандаги "Атлант" сочиқ тикиш цехида 60 нафар ишсиз аёллар иш билан таъминланган. Яна 120 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган. «Мегатекстил МЧЖ» да 20 нафар ишчига шароитлар яратилиб, улар пайпоқ тўқиш билан шуғулланмоқда. 20 дан ортиқ эҳтиёжманд оилага иссиқхоналар қуриб берилган.
2800 нафардан ортиқ ишсизлар ипак қурти боқиш учун ишга жалб қилинди. 324 нафар ишсизлар фермер хўжаликларига ишга жойлашадиган бўлди.
Ҳозирги кунда ишсиз фуқаролар ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирганларга имтиёзли кредитлар бериш йўлга қўйилмоқда.
Умуман, бандлик борасидаги муаммолар имкониятлар даражасида ҳал этиляпти. Лекин биз депутатлар тумандаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни тизимли таҳлил қилиб, ҳудудни ривожлантириш бўйича таклифлар беришимиз зарур.
Раънохон Назарова,
Уйчи туман Кенгаши депутати