“Халқим, ватаним учун жанг қилганман!”
“Халқим, ватаним учун жанг қилганман!”

 

Бутун дунёда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. Ушбу бешафқат урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлганини халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган, “Сен етим эмассан” деб ўз бағрига олгани халқимизнинг нақадар олижаноблигини, меҳр-мурувватини, юксак маънавиятини яққол намоён этди.

Бугунги кунда иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган фахрийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётгани мамлакатимизда инсон шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарилганининг далолатидир.

Шунга кўра, мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш кунини кенг нишонлаш, иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашишга ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, барча фахрийларга ҳурмат кўрсатиш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, ўз жони ва жасоратини ватан ҳимояси ва осойишталиги йўлида сарф қилган, бугун орамизда умргузарлик қилаётган нуронийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бу чинакам инсонийлик ишидир.

Ўзбекистон ХДП ҳам уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилганларни, пенсионер ва ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни ўз дастурий вазифалари сифатида белгилаб олган. Хусусан, жойларда барча партия ташкилотлари томонидан уруш фахрийлари иштирокида турли тадбирлар, учрашувлар ўтказилиб, уларнинг босиб ўтган йўлларини, жасоратини кўрсатиш орқали ёшларимизда Ватанга муҳаббат, бугунги дориламон кунларимизга шукроналик ҳисси янада мустаҳамлашга эришилади.

Ана шу мақсадда пойтахтимизнинг Юнусобод тумани Фирдавсий маҳалласида истиқомат қилувчи, иккинчи жаҳон уруши фахрийси Нурмуҳаммад ота Турсунов ҳолидан хабар олиш мақсадида партия депутатлари, ёшлар қаноти вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари унинг хонадонига ташриф буюрди. Меҳмонлар уйда қўшалоқ тадбирга гувоҳ бўлди. Чунки отахон 6 май куни 95 ёшни қаршилаган эди.

Нурмуҳаммад ота хонадонидаги меҳмонларни кўриб, уруш йилларидаги хотирларини эслади. Сабаби бугунги ёшларга тинчлик қадрини, ватан туйғусини шакллантириш руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутди.

Отахон 1943 йил энди навқирон ёшга тўлганда урушга сафарбар қилинганини эслар экан шундай деди:

Жуда оғир бўлган, отам, айниқса онам ортимдан қўзларида тинимсиз ёш билан мени кузатиб қўйган эди. Бизни дастлаб узоқ шарқдаги жанг майдонига юборишди. У ерда оғир яраландим. Кўз ўнгимдан онам сиймони тинмасдан ўтар эди. Кейин даволаниб чиққанимдан сўнг Сталингратга ва Беларусияга сўнгра Украина ҳамда Болтиқ ҳудудларида жанг қилишга тўғри келди, Берлингача бордим. Энг сўнгги жанг машғулотларида ҳам қатнашдим. Энди у кунларни эсласам ҳафталаб хаёлим беҳотиржам бўлади. 1950 йилдаги Тошкентга қайтиб келдим...

Тошкентга келиб шахсий хаётимни йўлга қўйдим. Ҳалол меҳнат қилдим. Кўп йиллар халқ хўжалиги соҳасида ишладим. Шу кунларда 1 ўғил, 4 қиз, 11 навара, 16 та эваранинг оғушида яшамоқдаман. Мен бахтли инсонман дейди.

Юртимизга кўз тегмасин, атрофга қаранг тинчлик, ҳаммамиз аҳил ва бахтли яшамоқдамиз. Бу кунларга етиб кела олмаган, фронтларда қолиб кетган дўстларимни эсласам жуда дилим ҳира бўлади, – дейди отахон.

Ҳақиқатдан ҳам юртимизда тинчлик ва тараққиёт бардавом бўлсин!

 

Равшан Ҳомитов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш