Шу кунларда дунёнинг аксарият давлатлари коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган мураккаб вазият, ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларни бартараф этиш ҳақида қайғурмоқда.
Мамлакатимизда синовли кунлардан мардонавор ўтиш, биринчи навбатда вирусга чалинганларга юқори даражада тиббий хизмат кўрсатиш, аҳолининг соғлиғини муҳофазалаш, эҳтиёжманд фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича тезкор зарурий чоралар кўрилмоқда.
Инсоният тарихидан маълумки, давлат ва халқни қийин вазиятларда жипслаштириб, ягона эзгу мақсад учун сафарбар этишда етакчи шахслар муҳим ўрин тутади. Президентимизнинг тезкор, муаммолар ечимига аниқ йўналтирилган қарор ва фармонлари, хавфларни бартараф этиш, халқ манфаатлари устуворлигини таъминлаш бўйича қатъий белгилаб бераётган вазифалари юртимизни мураккаб шароитдан жиддий йўқотишларсиз олиб ўтишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Юртбошимиз пандемияга қарши курашишда энг катта масъулиятни зиммасига олиб, давлат ва жамият имкониятлари ҳамда саъй-ҳаракатларини ягона мақсад йўлида бирлаштирди. Айрим давлатлар ҳукуматлари пандемия ҳолатида “иқтисодиёт” ёки “инсон” деган танлов қаршисида турганда, Президентимиз ҳеч иккиланмасдан, иложи борича ўлим бўлмаслиги кераклигини таъкилаб, инсонни ҳимоя қилиш йўлини кўрсатди.
Пандемия бошқа хавфларга ўхшамайди, унга қарши тиббиёт ходимлари ва ҳукумат тузилмалари саъй-ҳаракати билангина самарали курашиш қийин. Бу курашда давлат ва жамият жипс бўлиб, таъбир жоиз келса, бир мушт бўлиб ёнма-ён турса, ҳар қандай синовлар енгиб ўтилади.
Карантин чоралари давом этаётган пайтда ижтимоий муҳофазага муҳтож кишилар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, вақтинча ишсизлар, норасмий секторда кунлик даромадга суяниб келган оилаларга манзилли ёрдамни кучайтириш вазифаси кун тартибига чиқди. Бу ёрдам қисқа муддатда кўрсатилиши, оилалардаги эҳтиёж ва зарурат ҳисобга олиниши долзарб бўлиб қолди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил этиш ташаббуси ана шундай муҳим пайтда илгари сурилгани замирида чуқур маъно, аниқ мақсад бор, албатта.
Бундай вазиятда бутун мамлакат ҳудудларини марказлашган ҳолда қўллаб-қувватлаш қўшимча қийинчиликларни юзага келтиради, кўп вақт олади. Ёрдам марказдан вилоятга, вилоятдан туманга, тумандан маҳаллага, маҳалладан хонадонларга етиб боргунча турли ҳолатлар рўй бериши, хусусан, ижтимоий адолат, шаффофлик тамойиллари бузилиши эҳтимоли ортади.
Демак, энг тезкор ва аниқ ёрдам маълум маҳалла, кўча доирасида кўрсатилиши мумкин. Чунки маҳаллада ким ёрдамга муҳтож бўлиб қолгани, айнан қандай озиқ-овқат ёки дори-дармонга эҳтиёж сезаётганини ўша ҳудуднинг иссиқ-совуғидан бохабар тадбиркорлар аниқлаши осон бўлади. Шунда ёрдам қисқа муддатда манзилига, эҳтиёжманд юртдошимизнинг қўлига етиб боради.
Яна бир томони, ҳамма ҳам хайрияларни мувофиқлаштириш марказларига мурожаат қилмаслиги мумкин. Жамиятимизда шундай кишилар борки, ўзи ёрдам сўрашга истиҳола қилади.
Маҳалла, кўча ёки бошқа кичикроқ ҳудуд доирасида ёрдам кўрсатилганда карантин қоидаларига риоя қилиш осонроқ бўлади.
Муҳим жиҳати шундаки, ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, халқимиз ўртасида ҳамжиҳатлик, руҳий яқинлик мустаҳкамланади.
Халқ демократик партияси ташкилотлари, парламент Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда барча даражадаги депутатлари “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, Президентимиз олға сурган эзгу ғояни рўёбга чиқариш жараёнига ҳисса қўшиш бўйича амалий фаолиятга киришди.
Биринчидан, партия ташкилотлари ва барча даражадаги депутатлар, ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари имкониятларидан келиб чиқиб, ўз маҳалласидаги камида битта ўта муҳтож оилани карантин муддати тугагунига қадар ҳомийликка олиш ташаббуси билан чиқди. Дастлабки мўлжалга кўра, 2 мингга яқин оила қамраб олинади. Мисол учун, ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши ва маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан 200 га яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари қамраб олинади.
Иккинчидан, қайси ҳудудда кимга қандай ёрдам қилиниши бўйича манзилли рўйхатлар шакллантирилишида қатнашишади. Бунда биринчи навбатда ногиронлар, боқувчисини йўқотган ёлғиз аёллар ва кексалар, кўп болали оилалар, асосийси таъминотчиси ишсиз қолган оилаларга эътибор қаратилади.
Учинчидан, тадбиркорлар, фермерлар ҳамда бошқа субъектларга саховат ва кўмак кўрсатганлик учун давлат томонидан имтиёз ва преференсиялар берилиши тушунтирилади. Айни пайтда тадбиркорларнинг бу имтиёзлардан фойдалана олишига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича вазифа олинади.
Тўртинчидан, “Саховат ва кўмак” жамғармаси бўлинмаларига тушган маблағларнинг манзилли, шаффоф сарфланиши, озиқ-овқат ва тиббий воситаларнинг эҳтиёжманд оилалар қўлига етиб бориши бўйича депутатлик назорати ўрнатилади. Жойларда аниқланган муаммоли ҳолатлар ҳақида тегишли халқ депутатлари Кенгашларига тезкор маълумотлар тақдим этилади. Қуйида ЎзХДП депутатларининг сони ва таъсир кучи юқори, бундан самарали фойдаланиш чоралари кўрилади.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлат ва жамият ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, Рамазон ойи кунларида эзгу амалларни кўпайтиришга хизмат қилиб, барчамизни ягона мақсад сари руҳлантиради.
Илҳом Атабаев,
Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси.