Шукурки, тинч-осойишта замонда яшаяпмиз. Бундай осойишталикка эришиш осон бўлмаган, албатта. Қанчадан-қанча юртдошларимиз қинғирбарот жангларда қон кечиб, Юрт озодлиги учун жон беришган. Дориламон кунларга етиб келганлари кексалик гаштини суриб, ёшларга панд-насиҳат қилишяпти, уларни сабр-қаноатли бўлишга ундаяпти. Дарҳақиқат, уларни қанча эъзозласак, кўнглини кўтарсак ҳам кам.
Биз ҳам маҳалла маслаҳатчиси Лола Туробова билан қирғинбарот уруш иштирокчиси бўлган, "Меъмор" маҳалласида истиқомат қилаётган Нина Попова хонадонида бўлдик.
Машаққатли ҳаёт йўли, хотиралар ҳақида сўзлаб беришларини сўраганимизда таҳлика ва машъум даврларини эслар экан, нуроний онахон бирдан маҳзун тортиб, ҳикоясини бошлади.
— Уруш бошланганида 14 ёшли қизалоқ эдим. Менинг болалигим Қора денгиз соҳилларида ўтган. Оилада икки нафар фарзанд эдик. Акам уруш йилларида ҳалок бўлган. Кўраяпсизларми, ҳозиргидай ўйнаб-қувнаш қаёқда эди, дейсизлар, болажонларим. Қорнимиз тўймасди ҳам. Болалигим ана шундай аянчли тарзда кечган. Қўшни қизлар билан ертўлаларда писиниб ётардик. Чунки бошимиз узра чор-тарафдан ўқ ёмғири, снарядлар портлаши кўз очиргани қўймасди.
Онам ҳамшира бўлган. Отам машинист эди. Вақти тиғиз бўлса-да, мен билан ойимдан ҳар куни 5 дақиқага хабар олиб кетарди. Бир неча кун келмаганидан сўнг онам билан хавотир олиб, депога бордик. Қатор турган поездлардан нишон ҳам қолмаган эди. Қоровул бизга ҳамдардлик билдириб, 3 кун олдин бу ерга бомба келиб тушганини айтди. Тупроқлар орасидан отамнинг парчаланиб кетган танасидан олиб, кичикроқ қутига жойлаб, Қора денгизга ташладик. Онам тинимсиз кўз ёш қиларди.
15 ёш эдим, фашистлар онам билан иккаламизни асирга олиб, Германияга олиб кетди. У ердан қул сифатида ишлатиш учун Австрияга жўнатишди. Бахтимизга бизни сотиб олган хонадон бекаси жуда меҳрибон ва оқила аёл экан. У яхши гапириб, ишларини қилдирарди. Кунлар кетидан ойлар ўтди. Ўзга юртларда яшаш осон кечмади. Радиодан уруш якун бўлганлигини эшитиб, ич-ичимиздан хурсанд бўлдик. Шундан кейингина бизга ўз Ватанимизга қайтишга рухсат берилди...
Н. Попованинг ҳикояларини бутун вужудимиз қулоққа айланиб тинглар эканмиз, барчамиз жим бўлиб қолгандик. Дил-дилдан англаб турардикки, бугунги фаровонлик, бугунги бағрибутунлик ҳеч нарса билан тенглаб, қиёслаб бўлмайдиган бахт. Ўртадаги сукутни онахоннинг ўзлари буздилар.
— Ҳозир кўзлари чақнаб турган болаларни кўриб, хурсанд бўлиб кетаман. Кулиб, порлаб турган бу нигоҳлардаги севинчни ҳеч нарсага алмашиб бўлмайди. Урушдан кейинги йиллар ҳам жуда оғир кечди. Чунки қишлоғимиздаги бино ва уйлар тупроққа қоришиб ётган эди. Онамга ёрдам бериш учун почтага ишга кирдим. 1952 йил ҳарбий хизматни ўташ учун борган бухоролик Леёва Попов билан танишиб, унга турмушга чиқдим. У билан 20 йил Бухоро вилоятининг Fиждувон туманида яшадим. 1977 йил Навоий шаҳрига кўчиб келдик. Мен тинчлик-осойишталик ҳукм сураётган жаннатмонанд юртда яшаётганимдан бахтиёрман. Инсон ёши улғайгани сайин эътибору эъзозга эҳтиёжи ортиб бораверар экан. Бир оғиз ширин сўздан кўнгил тоғдек кўтарилади. Атрофимда фарзандларим, келинларим, невараю чевараларим парвона. Маҳалла-кўй, қўни-қўшнилардан миннатдорман. Ҳол сўрашни канда қилишмайди. Юртбошимизга минг раҳмат. Бизга эҳтиром кўрсатган инсонларнинг ўзлари ҳам улуғ ёшларга кириб, доимо эл-юрт ардоғида бўлсин, юртимиздаги тинчлик-осойишталикка кўз тегмасин.
Мустақилликдан сўнг, урушда қатнашган ота-боболаримизга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатилиб келинмоқда. Ҳар йили 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” байрами арафасида ўтганлар ёди хотирланади, омон қайтганлар қадрланади. Ҳаёт йўли давомида мазмунли умр кечириб келаётган уруш ва меҳнат фахрийси Нина Попова ҳам давлатимизнинг юксак мукофоти "Шуҳрат" медали билан тақдирланди. Ҳалол меҳнати билан эл орасида ҳурмат қозонди. 2 ўғил ва 1 нафар қизни вояга етказди. Ҳозирги кунда онахон невара ва чеваралар ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Хуршида НАРЗИЕВА