Сифатли тиббиёт – ижтимоий ҳимоя таянчи
Сифатли тиббиёт – ижтимоий ҳимоя таянчи

 

Ижтимоий давлатда инсон қадр-қиммати ва фаровонлигини таъминлаш билан бирга, унинг саломатлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Давлат раҳбарининг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан ўтказган учрашувида юртимизда инсон саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олдинда турган улкан вазифалар белгилаб олинди.

Қайд этиш керакки, кейинги ўн йилда мамлакатимиз тиббиёт тизимида катта ўзгаришлар амалга оширилди. 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга туширилиб, 58 минг шифо ўрни яратилди, кенг имкониятлар яратилиши натижасида тиббий хизматлар ҳажми уч карра ошди.

Илгари кўплаб беморлар мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун хорижга боришга мажбур бўларди. Бугун бундай имкониятлар мамлакатимизнинг ўзида ҳам яратилмоқда. Хусусан, туғма юрак нуқсонларини даволаш, аъзолар трансплантацияси, робот жарроҳлиги ва бош миядаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари юртимизда ўтказилмоқда. Албатта, бу натижалар тиббиётимиз замонавийлашгани, мутахассислар малакасининг ошгани ҳамда соҳага қаратилаётган эътибор самарасидир.

Давлат раҳбари тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги ўзгаришларда 800 мингдан зиёд ходимнинг муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади. Дарҳақиқат, бугун халқимиз тиббиёт ходимларини нафақат малакали мутахассислар, балки оғир дамларда беморларга умид бағишлайдиган, дардига малҳам бўладиган, саломатликни асрайдиган фидойи инсонлар сифатида қадрлашни ўрганди. Бу ҳам бир катта ўзгариш.

Ҳар бир инсоннинг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти унинг даромади ёки ижтимоий мавқеидан қатъий назар, кафолатланиши муҳим, албатта. Айниқса, кам даромадли оилалар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши ижтимоий адолатнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Мулоқотда бугунги кунда 11 та давлат олий таълим муассасасида йилига 15 минг нафар шифокор тайёрланаётгани, бироқ барча битирувчилар ҳам иш бошлаган биринчи кунданоқ беморлар билан мустақил ишлашга тайёр эмаслиги таъкидланди. Шунинг учун тиббиёт таълимида назарий билим билан бирга, амалий кўникмаларни ҳам кучайтириш кўзда тутилмоқда. Келгуси йилдан талабалар ҳафтасига уч кун беморлар билан ишлашни ўрганиши, битирувчилар эса охирги ўқув йилини тўлиқ тиббиёт муассасасида амалиёт тарзида ўтказиши кўзда тутилмоқда.

Албатта, бу ўзгаришлар келажакда малакали шифокорлар тайёрлашга, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишга асос бўлади. Зеро, шифокорнинг билими ва тажрибаси инсон ҳаёти билан боғлиқ. Шу маънода, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш ва улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳам муҳимдир.

Учрашувда тиббиёт ходимларининг айрим тоифаларига қўшимча устамалар тўлаш белгилангани нафақат соҳа вакилларининг меҳнатини рағбатлантиришга, шу билан бирга, уларнинг ижтимоий ҳимояси ва турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Яна бир муҳим жиҳат: энди шифохона ва поликлиникалар фаолиятига аҳолининг ўзи баҳо бериш механизми жорий этилади. Шифокор ва ҳамширалар иш ҳақини KPI кўрсаткичлари билан боғлашда аҳолининг тиббий хизматдан қониқиш даражасига алоҳида эътибор қаратилиши белгиланмоқда. Биз мазкур ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Сабаби, бу механизм тиббиёт муассасалари масъулиятини ошириб, шифокор ва ҳамширалар беморларнинг мурожаатларига қулоқ тутишига, улар билан янада кўпроқ мулоқот қилишига замин яратади.

Шу билан бирга, учрашувда «Тиббиёт новаторлари» миллий ҳамжамиятининг ташкил этилиши қайд этилди. Бу, албатта, соҳа ривожи учун янги имкониятлар очади. Ушбу платформа талабалар, ёш шифокорлар, олимлар, тажрибали устозлар ва хориждаги ватандошларни бирлаштириб, илғор билим ва тажрибаларни оммалаштиришга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, энди тиббиётдаги ислоҳотлар фақат янги тартиблар ёки рақамлар билан эмас, балки одамларнинг саломатлиги, тиббий хизматдан розилиги ва шифокорга бўлган ишончи билан баҳоланади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадларида тиббий хизматлар сифатини айниқса қуйи тизимда, маҳаллалар даражасида яхшилашга алоҳида эътибор қаратилган. Тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан бўлиб ўтган мулоқотда янграган ташаббуслар, белгиланган вазифалар айни шу мақсадга ҳам ҳамоҳанг ҳисобланади. Умуман олганда, сифатли ҳамда ҳамма учун бирдек очиқ тиббиёт тизими нафақат аҳоли саломатлигини муҳофазалашга, балки жамиятда тенг имкониятларни таъминлаш ва инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш