
Хоразм буюк тарихга эга, илм-у маърифат бешиги саналган муаззам гўша. Асрлар оша кўҳна заминимизнинг муҳим савдо-иқтисодий ва маданий марказларидан бири саналган, жаҳонга донғи кетган олим-у фозиллар, саркардалар, ҳофиз-у шоирлар ватани бўлган бу воҳа солномасида мустақиллик йиллари алоҳида ўрин тутади. Бинобарин, ўтган даврда бу ерда мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди. Улкан бунёдкорликлар, яратувчанлик ишлари амалга оширилди. Бундай кенг қамровли янгиланиш вилоятнинг энг чекка, олис ҳудудларини ҳам қамраб олди. Айниқса, сўнгги саккиз-тўққиз йил ичида барча соҳада ўсиш суръати сезиларли ошди. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, Хоразм шонли тарихимиз ва янги ислоҳотлар туташган чорраҳага айланди.
Жорий йил май ойининг илк кунларида Президентимиз Хоразм вилоятига ташрифи чоғида эришилаётган салмоқли натижаларни эътироф этар экан, логистика занжиридан узоқда, табиий ресурслари чекланган бу диёрда биргина 2024 йилнинг ўзида 7 мингта янги тадбиркорлик субъекти иш бошлагани, 1 минг 700 та корхона фаолияти тиклангани, натижада 290 минг аҳоли бандлиги таъминланганига урғу берди.
Дарҳақиқат, 2024 йили Хоразмда “кичик ва ўрта бизнес йили” бўлди, дейиш мумкин. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми сезиларли даражада ортиб, иқтисодий фаолиятнинг барча йўналишларида ижобий ўсиш динамикаси қайд этилди. Саноатда ишлаб чиқариш ҳажми ортаётгани, қишлоқ хўжалигида барқарор ривожланиш, қурилиш соҳасидаги юқори суръат ва хизматлар кўламининг кенгайиши шулар жумласидан.
Инвестиция муҳитини яхшилаш, ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш орқали Хоразмда янги имкониятлар эшиги очилди. Жумладан, вилоятга жалб этилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар натижасида 250 дан зиёд хорижий капитал иштирокида янги корхоналар ишга туширилди.
Ушбу корхоналарнинг фаолияти маҳаллий иқтисодиётни жонлантириш билан бирга, минглаб иш ўринларининг яратилишига олиб келди. Умумий қиймати 4 триллион сўмлик йирик лойиҳалар туфайли 16 мингдан зиёд киши доимий даромад манбаига эга бўлди. Шунингдек, маҳаллийлаштириш дастурлари орқали ҳудудда ишлаб чиқарилаётган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар турлари кескин кўпайди. Бу эса ташқи иқтисодий қарамликни камайтиришда муҳим қадам бўлди, десак янглишмаймиз.
Аҳолининг турмуш даражасини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам кутилганидек самара бераётганини айтиб ўтиш жоиз. Асосийси, вилоятда камбағаллик даражаси 14,1 фоиздан 11,9 фоизга, ишсизлик эса 5,8 фоизга тушди.
Фаровон ҳаёт асоси
Чиндан ҳам, юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Хоразм ҳам йил сайин чирой очиб бормоқда. Ўзига хос ва ўзига мос шаҳарсозлик, меъморчилик анъаналари асосида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари халқимизнинг яратувчанлик салоҳияти ҳамда иқтисодиётимиз қудратини кўз-кўз этмоқда. Замонавий инфратузилмаларга эга янги манзиллар оилаларнинг фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қиляпти.
Биламизки, аҳоли сони тобора ўсиб бораётгани фонида одамларнинг бирламчи ҳаётий талаб ва эҳтиёжлари ҳам йил сайин ортмоқда. Янги уй-жойлар-у янги таълим масканлари ва тиббий муассасаларни барпо этишдан тортиб, ичимлик суви, электр таъминоти, йўлсозликкача бутун бошли тизимларда қўшимча қувватларни яратишга зарурат бор. Шундан келиб чиққан ҳолда Хоразмда бунёдкорлик ишлари йилдан-йилга жадаллашяпти. Мисол учун, ўтган йили воҳа бўйлаб 30 та мактаб, 15 та мактабгача таълим ташкилоти, 15 га яқин тиббиёт муассасаси ва қарийб 70 та ижтимоий аҳамиятга эга объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди. Беш ярим мингта хонадонга мўлжалланган уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Хусусан, “Янги Ўзбекистон” массивларида юзлаб кўп қаватли кўркам уйлар қуриб битказилди.
Вилоятда яқин йилларгача жиддий муаммо бўлиб келган ва одамларда ҳақли эътирозларни келтириб чиқарган ичимлик суви таъминотида ҳам олдга силжиш кузатиляпти. Бугунги кунда ҳудуд аҳолисини тоза обиҳаёт билан таъминлаш даражаси 91,2 фоизга етказилгани бунинг исботи. Худди шундай, энергия таъминотини сифат жиҳатидан яхшилаш, янги йўллар ва кўприклар қуриш орқали йўлсозликдаги камчиликларни бартараф этиш саъй-ҳаракатлари ўз маҳсулини бермоқда. Бухоро–Урганч–Хива темир йўлининг электрлаштирилиши ва тезюрар поездлар қатновига старт берилиши хоразмликлар ҳаётида яна бир қувончли янгилик бўлди. Урганч шаҳрида жамоат транспортини яхшилаш мақсадида олиб келинган замонавий автобуслар аҳолига қулайлик яратди.
Вилоятнинг тупроқ-иқлим шароити мураккаб. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга илғор ёндашувларни жорий қилишни тақозо этади. Шу маънода, ҳозирда 56 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар қўлланилаётгани, ирригация ва мелиорация тармоқлари қайта қурилиб, 152 та сув иншооти янгидан барпо этилгани ҳамда таъмирлангани, 52 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшилангани соҳибкор-деҳқонлар учун ҳар тарафлама мадад бўлди.
Сайёҳлар ошиқадиган макон
Хоразм ўзининг бетакрор осори-атиқалари, тарихий обидалари, шарқона бозорлари билан сайёҳларни мафтун этиб келади. 2024 йилда ҳам Хоразм туризм соҳасида жадал ривожланганининг гувоҳи бўлдик. “Хива – ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилингач, 1,1 миллион нафар хорижий ва 4 миллион маҳаллий сайёҳ Хоразмга ташриф буюрди. Туризм инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида 45 та янги меҳмонхона ва дам олиш масканлари, қатор хизмат кўрсатиш объектлари фойдаланишга топширилди. “Хоразм туризм салоҳиятида яна бир гавҳар” дея таъриф берилган “Арда Хива” халқаро сайёҳлик мажмуаси очилди. Очиқ осмон остидаги музей шаҳар - Хиванинг тарихий қиёфасини сақлаган ҳолда, замонавийлик билан уйғунлаштирилган ушбу туристик марказда музей, бозор, ресторанлар, меҳмонхоналар, аквапарк ва амфитеатр каби иншоотлар сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда.
Хоразмда жами 263 та маданий мерос обидаси мавжуд. Тадбиркорлар билан ҳамкорликда улар туристик масканга айлантирилса, қўшимча даромад ва иш ўринлари юзага келади.
Хоразм миллий таомларини тарғиб этиш, меҳмон ўринлари ва транспорт қатновларини кўпайтириш, янги кўнгилочар ва тематик масканлар қуриш, гид ва официантлар тайёрлаш ҳудуд туризм салоҳиятидан унумли фойдаланишнинг зарур шартларидандир.
Ал-Хоразмий ворислари
Ёдингизда бўлса, бундан икки йил олдин давлатимиз раҳбари сайловолди дастури билан Хоразмга ташрифи чоғида келгусида вилоятнинг “ташриф қоғози” IT соҳаси бўлишини таъкидлаб, Хоразмда 2024 йилдан бошлаб “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси амалга оширилишини айтган эди. Бу тизим шакл ва моҳиятига кўра, “мактаб – олийгоҳ – IT компанияси”дан иборат яхлит IT-таълим ва хизматлар занжирини яратади.
Шундан сўнг вилоятда “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси доирасидаги амалий ишларга киришилди. Унинг шарофати ила минглаб ёшлар дастурлаш ва фриланс фаолиятига жалб қилинди.
Бу ўринда яна бир маълумот. Хоразм — Ўзбекистон ҳудудлари орасида рақамлаштириш бўйича етакчилардан ҳисобланади. Ҳудудда хорижга IT-хизматлар экспорт қилувчи ўнлаб IT Park резиденти мавжуд бўлиб, IT-экспортёр корхоналар томонидан 2023 йил мобайнида IT-хизматлар экспорти 1,5 млн АҚШ долларини ташкил қилган. 2024 йилда эса бу рақам 11,1 миллион АҚШ долларига етди. Рақамларнинг шу йўсинда шиддатли ўсиб бораётгани, табиийки, соҳада малакали кадрларга талабни оширади. “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси ана шундай мутахассисларни нафақат ҳудудий, балки халқаро IT-бозорига йўналтирадиган ноёб дастур ҳисобланади.
Умуман, Хоразмда ўсиб келаётган авлоднинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг замонавий таълим олиши ва ҳар томонлама етук бўлиб камолга етиши йўлида қилинаётган мана шундай эзгу ишларни санаб, адоғига етиш қийин.
Ҳозирда ҳудудда мактабгача таълим қамрови 83 фоизни ташкил этаётгани (2017 йилга қадар бу кўрсаткич 22 фоиз бўлган), ўтган йилда 7 минг 300 ўқувчига мўлжалланган янги мактаб бинолари қурилиб, таълим инфратузилмаси мустаҳкамлангани, мактаб битирувчиларининг олий таълимга қамрови 56 фоиздан ошгани – буларнинг бари эртамиз эгалари бўлмиш фарзандларимизнинг бахт-у иқболи йўлида барча куч ва имкониятлар сафарбар қилинаётганини тасдиқлайди.
Бугун сўз юритганларимиз – Хоразмда одамларни рози қилиш, ёш-у кексада келажакка умид ва ишонч ҳиссини янада мустаҳкамлаш, халқнинг турмуш фаровонлигини ошириш учун олиб борилаётган ислоҳотларга қиёс этганда, дарёдан томчи, холос. Шуниси аниқки, айни кунларда энг азиз ва қадрли айём – Мустақиллигимизнинг қутлуғ ўттиз тўрт йиллигини муносиб нишонлаш тадоригини кўраётган хоразмликлар маррани бундан-да юқори олганлар.
Зотан, ҳар биримизнинг қалбимиз Ватан учун, миллат учун, халқ учун ёниб турибди.
Сайёра АБДИКАРИМОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 13.8.2025, №32