
Ҳар гал Фарғонадан Тошкентга хизмат сафари билан йўлга чиққанимда, “Қамчиқ” довонидаги, халқимиз тилида “перевал”даги савдо ва овқатланиш нуқталарида тинмай ишлаётган ўспиринларга кўзим тушади.
Куни кеча ҳам шундай манзаранинг гувоҳи бўлдим. Йўл ёқасидаги ошхоналарда болаларнинг тун ярмида ҳам официантлик қилаётганига дуч келдим. Буюртма бериш баҳонасида улар билан бир неча дақиқа суҳбатлашдим. Бири таътилдан фойдаланиб, ишлаётгани ва оиласига ёрдам бераётганини айтса, яна бири “мактаб формаси”ни сотиб олиш учун пул топиш илинжида бу ерга келганини таъкидлади. Суҳбат асносида билдимки, уларга арзимас маош берилади, қўшимча ҳақ ёки имтиёзлар ҳақида-ку, гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Улар ёзнинг иссиғи, қишнинг совуғига қарамасдан, тоғ йўли бўйлаб келаётган йўловчиларга хизмат кўрсатишади. Савол туғилади: улар қонуний ишлаяптими? Бу болаларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилиняптими?
“Қамчиқ” орқали пойтахт ва водий вилоятларига ҳар куни минглаб одамлар ўтади. Табиийки, улар орасида меҳнат муносабатлари билан шуғулланувчи ташкилот вакиллари ҳам бор. Аммо нега улар бу манзарага бефарқ қарамоқдалар?
Агар ҳар биримиз шундай ҳолатни кўриб, камида “Бу бола нега тунги сменада ишлаяпти?”, “У меҳнат шартномасига эгами?”, “Таълими-чи, соғлиғи-чи?” каби саволлар билан иш берувчиларга юзма-юз бўлсак, бир кун келиб жавобгарликни англаган иш берувчи бу болалар меҳнатидан фойдаланишда виждонан ёндашган ва болалар ҳуқуқига ҳурмат кучайган бўларди.
Баъзи тадбиркорлар айни ҳолатни “ёрдамчи қўл”, “оиласига ёрдам беряпти”, деб оқлашга уринишади. Аммо биз ҳақиқий ёрдамни қонунга асосланган меҳнат, таълим имкониятлари ва болаларнинг келажагини таъминлаш орқали беришимиз мумкин.
Бу ерда масала фақат ишбилармонликда эмас, инсонпарварлик, инсоф ва виждон ҳақида кетмоқда. Биз тадбиркорлардан қонунга бўйсунган ҳолда, ватанпарварлик ва одоб-ахлоқ меъёрларига мувофиқ ҳаракат қилишларини кутамиз. Жамиятнинг ишончи ва ҳурматини қўлга киритиш қилаётган фойдадан ҳам муҳим эканини англаш пайти келди.
Болаларнинг ҳаёти ҳақида сўз борганда эътиборсизлик – сукут, сукут эса жиноятга шериклик билан тенг. Унутмаслик керакки, вояга етмаганлар меҳнати фақат қонун эмас, балки миллат келажаги масаласи ҳамдир.
Ёш организмга тушаётган оғир жисмоний зўриқиш, мунтазам режимсиз иш ва стресслар кейинчалик саломатлик билан боғлиқ талай муаммоларига олиб келиши шубҳасиз. Болалар организми ҳали шаклланиш жараёнида. Биз бугун пул топяпти, деб хурсанд бўлаётган бола эртага бир умрлик жароҳат ёки руҳий оғриқлар билан яшаши мумкин.
Бу йўсинда меҳнат ҳуқуқлари бузилган болаларнинг билим олиш имкони ўз-ўзидан чекланади, камбағаллик даврини узайтиради, жамиятда тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб шаклланишига тўсқинлик қилади. Бола меҳнати ортидан келган пул ҳеч қачон у йўқотган имкониятларни қоплай олмайди.
Яна бир таассуфли томони, туристлар буни қандай қабул қиладилар? “Қамчиқ” йўлидан кунига юзлаб хорижий туристлар ҳам ўтади. Улар учун ҳар бир таассурот – Ўзбекистон ҳақидаги умумий тасаввурнинг бир бўлаги. Бугунги глобал дунёда мамлакат имижи - бу сармоя, ўзаро ҳамкорлик, халқаро муносабатлар учун асосий омиллардан бири.
Биз ўзи ким бўлишни истаймиз? Қонуни бор, аммо унга амал қилмайдиган беэътибор одамларми? Ёки қонунийлик, инсонпарварлик ва адолатни қадрлайдиган халқми?
Вояга етмаган болаларнинг меҳнатига сукут сақламаслик ижтимоий масъулият ва инсонийлик мезони ҳисобланади. Келинг, бу масалада ҳамжиҳат бўлайлик.
Шоҳруҳ ЎКТАМОВ,
ЎзХДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Ёшлар парламенти раиси ўринбосари.
«Ўзбекистон овози», 6.8.2025, №31