
Ўзбекистон — Венгрия ўртасидаги муносабатлар бугун тарихий илдизлар, геосиёсий манфаатлар ва янги глобал муҳитдаги прагматик ёндашув асосида шаклланмоқда. Бу икки мамлакат ўтмиши, маданияти ва мақсадлари билан фарқ қилса-да, уларни умумий стратегик манфаатлар бирлаштирмоқда.
Шарқ ва Ғарбни боғловчи кўприк сингари, Ўзбекистон — Венгрия ҳамкорлиги нафақат икки халқ манфаати, балки кенг минтақавий барқарорлик учун хизмат қиляпти.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи кенгайтирилган стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларига йўл очиб, муносабатларимизни янги босқичга кўтарилганидан далолат беради. Эндиликда асосий масала мавжуд имкониятларни амалий лойиҳаларга айлантиришга қаратилади.
Будапештнинг ташқи сиёсати “Шарққа яқинлик” стратегияси билан ажралиб туради. Венгрия 2018 йилда Туркий давлатлар ташкилотида кузатувчи мақомини олган илк Европа давлати бўлди. 2019 йилда Будапештда ташкилотнинг Европа ваколатхонаси очилди. Ўзбекистон эса туркий давлатлар ўртасида интеграция жараёнларининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири сифатида Венгрия билан яқин ҳамкорлик қилмоқда.
Икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган бўлса-да, сўнгги йилларда бу алоқалар янгича суръат олди. Айниқса, 2021 ва 2022 йилларда ўзаро расмий ташрифлар, Будапешт ва Тошкентда ўтказилган Бизнес форумлар, Стратегик шериклик тўғрисидаги декларациялар – буларнинг барчаси мамлакатлар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Агар рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2024 йилдаги икки томонлама савдо айланмаси 78,1 млн долларни ташкил қилди. Фармацевтика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва таълим соҳаларидаги инвестициявий лойиҳалар икки мамлакат муносабатларининг кўламини бойитмоқда. Ангрен эркин иқтисодий ҳудудида венгер компаниялари учун ажратилган махсус саноат ҳудуди бунга яққол мисолдир.
Транспорт ва логистика, озиқ-овқат хавфсизлиги, қайта тикланадиган энергетика, юқори технологиялар ва рақамлаштириш – бу йўналишлар икки мамлакат ҳамкорлигининг асосий кун тартибига айланмоқда.
Ҳозирда қўшма инвестицион лойиҳаларнинг жорий портфели 500 миллион долларни ташкил этса, жорий ташриф учун яна 1,5 миллиард евролик лойиҳалар тайёрланган.
Икки давлат ўртасида Экстрадиция тўғрисидаги шартнома, Иқлим ўзгариши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, табиий офатларни бошқариш, илм-фан ва инновациялар, тинч атом соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги идоралараро келишувларга эришилгани диққатга сазовордир.
Ишбилармонлик, сайёҳлик ва маданий алоқаларни фаоллаштириш мақсадида икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво йўналишларини ривожлантириш орқали амалга оширилиши эса юртимиз туристик салоҳиятини ошишига шароит яратади.
Дилбар МАМАЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.