Бахшиси бор элнинг ботири кўп бўлар
Бахшиси бор элнинг ботири кўп бўлар

 

Очиқ осмон остидаги бетакрор музей шаҳар – қадимий Хивада ўтказилган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали ва Президентимизнинг фестиваль иштирокчиларига йўллаган табриги биз каби ижод аҳлини беҳад тўлқинлантиргани рост.

Бахшичилик санъати халқларнинг миллий ўзлигини, тили ва ҳаёт тарзини, анъана ва урф-одатларини ифода этадиган умумбашарий маданиятнинг узвий қисми сифатида барчамиз учун қадрли. Бахшининг ширали овози ва дўмбирасидан таралаётган оҳангларда инсоний соф туйғулар улуғланади. ёзма манбалар бўлмаган қадимги даврлардаёқ аждодларимиз оғзаки ижод орқали авлодларга мардлик, яхшилик, ҳалоллик, ватанпарварлик, дўстлик ибратини етказган. Шу жиҳатдан, бахшилар эзгулик элчилари бўлган ва ҳамиша эъзозланган.

Бироқ глобаллашув замонига келиб ушбу тарихий санъат бироз унутилгандек бўлди. Айниқса, ёшларда бунга қизиқиш, рағбат гўё йўқолган эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Сурхондарёда бахшичилик мактаби ташкил этилгани бу йўналишда янги даврни бошлаб берди. 2018 йил 1 ноябрь куни соҳага доир тарихий ҳужжат – Президентимизнинг «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ Халқаро бахшичилик санъати фестивали илк бор Сурхон элида ўтказилган бўлса, 2021 йилда, таъбир жоиз бўлса, бу халқ байрамига Қорақалпоқ замини мезбонлик қилди.

Шубҳасиз, ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали шарқ халқлари фольклор санъатининг ушбу етакчи жанрини кенг тарғиб қилиш, фольклор анъаналари ва қадриятларини сақлаш, ўрганиш, тарғиб этиш, ривожлантириш ва бахшичилик санъатининг моҳир ижрочиларини рағбатлантиришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, ёш авлод қалбида бахшичилик санъатига бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, мардлик, ҳалоллик, миллий ва умуминсоний қадриятлар, она юртга ва аждодлар меросига юксак садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутаётир.

Тобора халқаро нуфузи ортиб бораётган мазкур анжуман бу йил кўҳна Шарқ гавҳари – бетакрор Хоразм диёрида ўтказилгани унга алоҳида руҳ ва мазмун бағишлади. Зотан, давлатимиз раҳбари табригида қайд этилганидек, бу ўлканинг достончилик мактаби ғоят қадимий ва бой тарихга эга бўлиб, «Лазги» каби дунёга машҳур мумтоз куй-қўшиқлар, гўзал рақслар айнан ана шу азим дарёдан озиқланиб келмоқда.

Мен ҳам ёшлигимдан санъатга, бахшичиликка қизиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманидаги 16-болалар мусиқа ва санъат мактабининг бахшичилик ва созандалик бўлимида таҳсил олганман. Ушбу санъат йўналиши бўйича Зулфия номидаги давлат мукофотига мушарраф бўлдим.

Албатта, бу ҳам давлатимиз томонидан ушбу санъат йўналишига берилаётган юксак эътиборнинг натижаси деб биламан.

Қорақалпоқ достонлари ижрочилик услубининг ўзи икки йўналишга бўлинади. Қаҳрамонлик достонларини якка ҳолда қўбиз чолғуси жўрлигида, ички овозда куйловчилар жиров деб аталади. Оламўйноқ дутори (қорақалпоқлар чаладиган металл торли дутор шундай аталади) ни чалиб, очиқ овозда лирик достонларни куйловчиларни «бақси» дейишади. Уларга анъанавий уч торли ғижжак ва буламон чолғучилари жўр бўлади. Қувонарлиси, бугунги кунда кўплаб ёшларимиз халқ достонлари ва қўшиқларини куйлаб, элсевар бахшиларимиз йўлини давом эттириб келмоқда. «Кўҳна Шарқ гавҳари» деб ном олган қадимий Хоразм диёрида ўтказилган навбатдаги фестивалда бу яна бир бор ўзининг амалий тасдиғини топди.

Дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан 200 га яқин вакил иштирок этган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали барчамизнинг қалбимизда узоқ вақт муҳрланиб қоладиган тарихий воқеага айланди, десам муболаға бўлмайди.

 

Хурлиман НИЕТБАЕВА,

«Зулфия» номидаги давлат мукофоти совриндори,

ЎзХДП фаоли.

«Ўзбекистон овози», 30.4.2025, №17

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Мен ЎзХДПни танладим Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш