
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимиз ҳаётига дахлдор бўлган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Болалар ҳуқуқлари кафолатлари мустаҳкамланмоқда
«Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилганлик, порнографик маҳсулотларни сақлаганлик учун жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексга вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг бир кун мобайнидаги умумий давомийлигини ва уларни сўроқ қилиш жараёнида қонуний вакилларнинг иштирок этиши тартибини белгиловчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болалар ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиниши учун хизмат қилади.
Йиғилишда депутатлар қонун лойиҳасига киритилаётган айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларига аниқлаштирувчи саволлар берди. Мутасаддилар кўтарилган масалалар юзасидан батафсил тушунтиришлар бериб ўтди.
Мунозараларда бир қатор саволлар, таклифлар ўртага ташланиб, муҳокама қилинди. Депутатларнинг таклифига кўра, айрим нормаларни такомиллаштириш зарур. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси масъул қўмита томонидан маромига етказиладиган бўлди.
Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш
Ялпи мажлис муҳокамасига қўйилган навбатдаги ҳужжат — лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси бўлди. Унга кўра, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиблари янада соддалаштирилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан амалдаги 3 та кодекс, 5 та қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Унда тадбиркорлик субъектларининг 12 турдаги лицензия, рухсат бериш ва хабарнома олиш талаби бекор бўлиши, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш бўйича аризаларни Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам тақдим этиш имкониятини яратиш белгиланмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини янада соддалаштиришга, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бозорда тенг шароитлар ва рақобат муҳитини таъминлашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
ЎзХДП фракцияси қатъий қарши чиқди
Кун тартибидаги навбатдаги масала меҳнат кодексига хусусий сектор учун белгиланган ижтимоий мажбуриятларни эркинлаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилди. ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ташаббуси билан ишлаб чиқилган — «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига хусусий сектор учун белгиланган ижтимоий мажбуриятларни эркинлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Қонун лойиҳасига кўра, Меҳнат кодексига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Унга мувофиқ, меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилишда аризани чақириб олиш жараёнида иш берувчининг иштирокини таъминлаш орқали томонларнинг масъулиятини ошириш, меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишда касаба уюшмаси қўмитаси ёки маҳаллий меҳнат органи билан келишиш жараёнларини соддалаштириш орқали хабардор қилиш тартибига ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, ходимнинг узоқ муддат меҳнатга қобилиятсиз бўлиши натижасида меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларида ўриндошлик асосида фаолият юритаётган ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда огоҳлантириш муддати ва компенсация тўловларини бекор қилиш белгиланмоқда.
Маърузачи лойиҳани ўқиб эшиттирганидан сўнг, навбат муҳокамаларга келди. Қуйи палата вакиллари ўзларининг таклифларини билдириши билан биргаликда эътирозларини ҳам айтиб ўтишди. Савол-жавоблар қизғин тус олди.
Муҳокамада қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари ҳам ўз позицияларини билдиришди. Жумладан, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов шундай савол билан мурожаат қилди:
– Ушбу қонун лойиҳаси фракциямиз йиғилишида ҳам қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Эътиборингизни қаратмоқчи бўлган жиҳат, мазкур қонун лойиҳаси билан Меҳнат кодексининг 164-моддасига таклиф этилаётган ўзгартиришга кўра, эндиликда тадбиркорлар томонидан касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олиш эмас, балки уни хабардор қилиш тартиби киритилмоқда.
Мазкур ўзгартириш ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид ҳисобланмайдими? Бизнингча, бу эртага тадбиркорлар томонидан хоҳлаган ходимини ишдан бўшатишга олиб келишидан жиддий хавотиримиз бор.
Оддий ишчилар, меҳнаткашлар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг электорати ҳисобланади. Шунинг учун ушбу қонун лойиҳаси электоратимиз манфаатларига зид ҳисобланади.
Ходимларни ҳар томонлама кучли ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи бизнинг партиямиз олдига қўйилган устувор вазифалардан бири ҳисобланади, аксинча, фуқароларимизни ҳар томонлама кучли ижтимоий ҳимоя қилиш масаласини кўтаришимиз керак, деб ҳисоблаймиз.
Шу нуқтаи назардан фракциямиз бу қонун лойиҳасига қарши ва бошқа депутаталарни ҳам қарши овоз беришга чақирамиз.
Шундан сўнг Шокиржон Аҳмедов агар касаба уюшмаси қўмитаси ходимнинг аризаси билан боғлиқ масалани бирон сабаб билан эътиборсиз қолдирса, ходим ишсиз қолиб кетадими, деган саволни берди. ЎзЛиДеП вакили бу саволга асослантирилган жавоб бера олмади.
Қонун лойиҳаси бўйича ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов партия позициясини билдирди. Концепция тақдим этилаётган лойиҳа матнига мувофиқ келмаслиги, унда бир томонлама хусусий сектордаги иш берувчилар манфаати кўзланганини қайд этди.
Агар ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинса, тадбиркорларга ишчиларни ишдан бўшатишига қонуний енгилликлар берилишига олиб келиши, амалиётда, ўз ҳуқуқини талаб қилаётган ишчиларни ишдан бўшатиш билан жазолашга имкон пайдо бўлиши мумкинлиги тушунтирилди.
Бундан ташқари, ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинса, норасмий бандликни камайтириш эмас, балки ишчиларнинг қўнимсизлиги ва ишсизларнинг сони ортишига олиб келади, деди фракция раҳбари.
Шу ва бошқа асосларга кўра, қонун лойиҳасини ташаббускорларга қайтариш таклифи илгари сурилди.
Белгиланаётган нормалар қизғин баҳс-мунозаралар, савол-жавоблар ва тортишувларга бой бўлди. Мажлисда қонун лойиҳаси етарлича овоз ололмади. 71 нафар депутат қарши овоз берди ва ташаббускорларга қайтарилди.
Пластик карталардан тўловларни амалга оширишда назорат кучаяди
Ялпи мажлис кун тартибига кўра, депутатлар тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқишди.
Сўнгги пайтларда банк карталаридан фойдаланган ҳолда ўғрилик ва фирибгарлик ҳолатларининг кўпайиши кузатилмоқда. Тижорат банклари, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида ана шундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг замонавий усуллари, хусусан, антифрод, биометрик идентификация ва бошқа ҳимоя механизмларини ташкил этиш зарурати туғилмоқда. Ялпи мажлисда айни шу масаланинг ечимига қаратилган қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Лойиҳага кўра, антифрод, биометрик идентификация тизимларидан фойдаланиш мажбурияти жорий этилади. Марказий банк томонидан рухсат этилмаган тўловлар аниқланганда банк карталари ва мобил илова аккаунтларидан фойдаланишни уч кунгача чеклаш тўғрисида тўлов хизматлари кўрсатувчиларга кўрсатма юборилишига доир ваколат берилиши мумкин.
Бундан ташқари, тўлов хизматлари бозорини тартибга солиш мақсадида банклар, тўлов ташкилотлари ва уларнинг тўлов агентлари ва субагентларига рухсат этиладиган тўлов хизматлари турлари алоҳида белгиланмоқда.
Умуман олганда, банк пластик карталаридан тўловларни амалга оширишда назоратни кучайтириш таклиф этилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Интеллектуал мулк муҳофазаси
Ялпи мажлис кун тартибига кўра, депутатлар интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш тартибларини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқишди.
Маълум бўлишича, ушбу қонун лойиҳаси билан саноат мулки объектларини рўйхатдан ўтказиш жараёнларида талаб қилинадиган давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишни бекор қилиш белгиланмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурларни ва маълумотлар базаларини расмий рўйхатдан ўтказиш учун амалга ошириладиган текширув муддати аниқ белгиланмаган. Қонун лойиҳасида эса текшириш муддатини 10 кун этиб белгилаш назарда тутиляпти.
Ваҳоланки, амалиётда қайд этилган муддатда давлат божини узрли ёки бошқа объектив сабабларга кўра тўлай олмаган ва бунинг натижасида муҳофаза ҳужжатини (патент, гувоҳнома) олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган талабнома берувчилар мавжуд. Масалан, 2023-2024 йиллар давомида 100 дан ортиқ талабнома берувчи худди шундай асосга кўра, муҳофаза ҳужжатларини ололмаган.
Бунга сабаб амалдаги қонунчиликка кўра, қайд этилган ҳолатда талабнома берувчига унинг талабномасини рўйхатдан ўтказиш рад этилади. Бу эса талабнома берувчи ваколати давлат ташкилотига тегишли ҳужжатларни бошқатдан топшириши, экспертизадан ўтказилишини кутиши ва давлат божининг барча қисмини қайта тўлаши талаб қилинади.
Бу эса интеллектуал мулк объектлари, айниқса, ихтиролар, саноат намуналари ва селекция ютуқлари бўйича талабнома топширган шахслар учун анча салбий оқибатларга олиб келади. Қонун лойиҳаси билан ана шундай бюрократик тўсиқлар бартараф этилиши мумкин.
Шунингдек, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи муҳофаза ҳужжатларини ягона QR-код қўйилган ҳолда электрон шаклда автоматик тарзда бериш таклиф этилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Фавқулодда вазиятларда давлатлараро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик
Мажлисда, шунингдек, «Туркий давлатлар ташкилотининг Фуқаро муҳофазаси механизмини ташкил этиш тўғрисидаги битимни (Бишкек, 2024 йил 6 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур Битим ўтган йилнинг 6 ноябрь куни Бишкек шаҳрида «Туркий дунёни кенгайтириш: иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва барча учун хавфсизлик» шиори остида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида ишлаб чиқилган.
Унда қуйидаги масалалар назарда тутилмоқда:
– ташкилотга аъзо давлатларнинг фавқулодда вазиятлар идоралари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш;
– табиий офатлар вақтида тезкор қидирув-қутқарув ишларини мувофиқлаштириш;
– ушбу соҳадаги мониторинг, таҳлиллар натижаларини ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини тизимлаштириш;
– ўзаро ёрдам ва ҳамкорликни янги босқичга кўтариш каби масалаларнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари белгиланган.
Ушбу Битим мамлакатимизда фавқулодда вазиятларга тайёргарлик чораларини янада самарали ташкил қилиниши, табиий офатлар оқибатида юзага келадиган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этишда давлатлараро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни таъминлайди.
Ялпи мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Кўриниб турибдики, ялпи мажлис муҳокамасига қўйилган барча қонун лойиҳалари долзарблиги жиҳатидан ҳуқуқий давлатчилик асослари ва жамият фаровонлиги учун жуда ҳам муҳим.
Ялпи мажлис ишини кузата туриб, қонун қабул қилиш жараёни нечоғлик катта масъулият талаб қилишига амин бўласиз. Жараёнларда ҳар доим фаол бўладиган жонкуяр депутатлар маъқуллаб турган лойиҳалар ҳақиқатда яхши ишлаб чиқилган эканда, деб турганингизда, аввал ҳеч кўзга ташланмайдиган яна бир халқ вакили сўз олиб, қолганлар эътибор бермаётган жиҳатларга диққатингизни тортади. Ўйлаб қарасангиз, унинг фикрида ҳам жон борлигига иқрор бўласиз. Очиқ муҳокамаларда ҳеч бир жиҳат назардан четда қолмайди.
Шунда кучли жамият учун кучли парламент қанчалик зарур эканига яна бир амин бўласан, киши.
Лазиза ШЕРОВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 30.4.2025, №17