ЎзХДП фракцияси қонун лойиҳасининг концепциясига қатъий қарши чиқди

 

Бугунги ЎзХДП фракцияси йиғилишида ЎзЛиДеП фракциясининг бир гуруҳ аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига хусусий сектор учун белгиланган ижтимоий мажбуриятларни соддалаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Гап шундаки, ЎзЛиДеП вакиллари ўз электорати, яъни тадбиркорлар – иш берувчилар манфаатлари нуқтаи назаридан ишлаб чиққан қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектларида фаолият юритаётган ишчи-ходимларни ишдан бўшатиш жараёнларини гўёки “соддалаштириш” назарда тутади.

Хусусан, лойиҳада меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишда касаба уюшмаси қўмитаси ёки маҳаллий меҳнат органи билан келишиш жараёнларини соддалаштириш орқали хабардор қилиш тартибига ўтказиш, тадбиркорлик субъектларида ўриндошлик асосида фаолият юритаётган ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда огоҳлантириш муддати ва компенсация тўловларини бекор қилиш каби кутилмаган ташаббуслар бор.

Меҳнат кодексида давлат ва хусусий секторда иш берувчилар учун бир хилдаги ижтимоий мажбуриятларнинг назарда тутилиши хусусий сектор, айниқса кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий барқарорлигига сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда, дейилади лойиҳанинг асослаш-тушунтириш хатида.

ЎзХДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳасининг бундай тартибда асослантирилишига қарши фикр билдирди. Жумладан, фракция аъзоси Шарофиддин Назаров хусусий сектор ҳамда давлат ташкилотларида ишлайдиган ходимларнинг ҳуқуқ ва ва ваколатлари ҳар хил бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлади. Таълим соҳасида ҳам, тиббиётда ҳам, умуман, деярли барча соҳаларда хусусий сектор фаолият юритади. Уларга ижтимоий мажбуриятлар борасида имтиёзлар берилиши ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари, Конституцион манфаатларига зид саналади. Шундан келиб чиқиб, депутат қонуннинг бундай асослантирилиши мумкин эмас, деган хулоса билдирилди.

Партия фракцияси аъзоси Шокиржон Аҳмедов касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олмасдан туриб, шунчаки хабардор қилиш билан ходимни ишдан бўшатиш мумкинлиги ҳақидаги меъёр фундаментал меҳнат ҳуқуқига зид келишини таъкидлади.

Қай этилишича, тушунтириш хатида норасмий секторда бандлик билан боғлиқ муаммолар борлиги важ қилиб кўрсатилган. Аммо ижтимоий ҳимоя масалаларини олиб ташлаш, ишдан бўшаш ҳақидаги ариза муддатини қисқартириш, ўриндошлик асосида ишлаганлар учун компенсация тўловларини хусусий секторда бекор қилиш каби масалалар норасмий секторнинг янада кучайишига олиб келади. Шу билан бирга, одамларда ушбу тизимга нисбатан ишончни камайтиради.

Депутат Анваржон Нурматов ҳам қонун лойиҳаси бўйича ўз фикрини билдирди. Унинг таъкидлашича, ЎзЛиДеП вакиллари таклиф этаётган қонун ташаббусида тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимояси илгари сурилган, бироқ ижтимоий ҳимоя масалалари четда қолиб кетган. Ваҳоланки, Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида ўзини эълон қилганидан кейин ижтимоий мажбуриятларни камайтириш эмас, аксинча, ошириш назарда тутилган.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси эса хусусий секторнинг “юки”ни камайтириб, мажбуриятларини енгиллаштиришни назарда тутмоқда. Демак, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланмаслиги каби ҳолатлар ортиши мумкин.

Фракция аъзолари яна кўплаб масалаларда ўз эътирозларини билдирди, бир-бирига зид жиҳатлар ҳақидаги саволларига берилган жавоблардан қониқиш ҳосил қилмади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси қонун лойиҳасининг концепциясига мутлақ қарши чиқди.

Фракция мажлисида бошқа қонун лойиҳалари ҳам электорат манфаатлари нуқтаи назаридан атрофлича муҳокама этилди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш