Сайловчилар билан учрашувлардан кейинги ўйлар

 

Бугунги сайловчи ким? Одатда сайловчи деганда, энг аввало сайлов кампанияси даврида овоз бериш жараёнида иштирок этувчи, яъни, бюллетенга яширин равишда овоз берувчи шахс тушунилади. Назарий жиҳатдан бу жуда тўғри, албатта. Кўпчилигимиз биламизки, узоқ йиллар давомида ҳаётда ҳам фақат шундай бўлиб келди. Яъни, сайловчи сайлов кунигина кўриниш бериб, ўзи ёки бутун оиласи номидан овоз беради, кимга, нима учун овоз бергани ҳақида бош ҳам қотирмайди. Кейин ҳаёти давомида қанча-қанча муаммоларга дуч келса-да, депутатга мурожаат қилиш хаёлига ҳам келмайди. Бошқача айтганда, депутат ҳам, сайловчи ҳам бир-бирига кўриниш бермайди.

Бу ҳолат бугун деярли ўтмишга айланди. Деярли деяётганимизнинг боиси ҳозир ҳам шундай одамлар топилади. Аммо улар жуда кам. Сайловчиларнинг кўпчилиги эса сайлов жараёнига ҳам, ким сайланганига ҳам, ҳатто ўзи сайлаган депутатнинг фаолиятига ҳам бефарқ эмас...

 

Сайловчиларимиз нимадан безовта, нимадан хурсанд

Бугунги сайловчилар орасида депутатнинг ҳали номзодлик даврида берган ваъдаларини эслаб қоладиган, депутат билан учрашув бўлар экан, деган хабарни эшитса, қаерда бўлса ҳам топиб борадиган, муаммоларни шартта-шартта айтадиган, токи шу муаммолар ечимини топмагунча депутатни тинч қўймайдиганлари анча. Улар нимани истайди? Улар албатта, энг аввало ислоҳотлар, давлат раҳбари белгилаб берган вазифалар мутасаддилар томонидан тўлақонли бажарилишини истайди. Шунинг учун безовта бўлади. Бугунги фуқаро бир замонлардагидай битта мактабнинг қурилиши бир неча йиллаб чўзилишини оддий ҳол деб ҳисобламайди. Чунки, вазифа аниқ, ижро ҳам ўз вақтида бўлиши лозим. Давлат раҳбари ўтказаётган йиғилишларни кузатиб бораётган, фармон ва қарорлардан хабардор сайловчи буни билади. Талон-торожлик, коррупция ҳолатлари бўлишини истамайди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши ва депутатлар назорат қилиши кераклигини тушунгани учун ҳам депутатга юзланади.

Бироқ, бугунги сайловчилар фақат муаммоларни кўрадиган, ҳар ишдан камчилик излайдиган, кундалик маиший масалалар гирдобида қолиб, жамиятдаги ўзгаришлардан бехабар шахслар ҳам эмас. Бўлса ҳам бундайлар жуда камчиликни ташкил этади. Аксинча, улар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишларни тан олади, эътироф этади. Юртимиздаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритилганида кўзлари ёниб, маъқуллаб тинглайди.

Бундай ҳолатни мен айниқса Қорақалпоғистонда кузатаман. Ҳоҳлаган туманга борсангиз, Мўйноқми ё Бўзотов, Тахтакўпир ёки Чимбой барчасида одамларнинг кўзида ўзининг ҳаётидан розиликни кўрасиз. Ислоҳотлар, Президентимиз томонидан айнан Қорақалпоғистон учун қабул қилинган фармон ва қарорларнинг ижроси ўз натижасини яққол кўрсатиб турганидан кейин бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Қисқа муддатда бу ерда амалга оширилган асрга татигулик ишлар, ишга туширилган йирик лойиҳалар, уларда қанча – қанча одамларнинг ишли бўлиб оиласи, фарзандларининг келажаги учун даромад топаётгани, ҳар йили 10 минг нафар ёшларнинг олий таълим муассасаларига қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилинаётгани, обод бўлган маҳаллалар, овуллар ва кўчалар. Буларнинг барчаси одамлар кайфиятига фақат ижобий таъсир қилади, албатта. Умуман, Қорақалпоғистондаги ўзгаришлар ҳақида китоблар ёзиш мумкин.

 

Юртимизда дунё жам бўлганида...

Бугун дунёдан бехабар одамнинг ўзи бўлмаса керак. Юртимиздаги воқеа-ҳодисалардан тоғу-адримиздаги ҳам, чўлу-саҳромиздаги ҳам марказда яшаётганлар билан бир вақтда хабар топади. Қолаверса, фуқароларимизнинг нафақат мамлакатдаги ислоҳотлар балки, дунёнинг олис ва яқин мамлакатлари, айниқса, қўшни давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалаларига ҳам қизиқиши катта. Шу боисдан-да Ўзбекистонда дунё жам бўлгани нафақат Самарқанд ёки Тошкент балки, энг олис овул ва қишлоқларимизда фахр –ифтихорга тўла акс-садо берди.

Биз сайловчилар билан учрашувлар ўтказаётган кунлар атрофида Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳаёти жуда катта тарихий воқеаларга бой бўлди. Хўжанд саммити, Самарқанд шаҳрида ўтказилган «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммити, Халқаро иқлим форуми, Нукусда биринчи Орол маданият саммити, Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси. Одамлар орасида юриб шунга гувоҳ бўлдикки, бу тадбирларни нафақат сиёсатчилар, парламент аъзолари, депутатлар балки кенг жамоатчилик, олис маҳалла ва овулларда яшаётган фуқаролар, ўқитувчию-тиббиёт ходими, фермеру-деҳқон, маҳаллалар фаоллари, хотин-қизлар, нуронийлар, ёшлар диққат-эътибор билан кузатди.

Кимдир, Хўжанд саммитида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чегара билан боғлиқ асрий масала тўла-тўкис ҳал этилганидан хурсад бўлса, кимдир, «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммити якунлари бўйича Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш ҳақида тарихий қарор қабул қилинганини айтади. Самарқанд халқаро иқлим форуми ва унинг доирасида Нукусда илк бор ўтказилган Орол маданият саммити эса бутун қорақалпоғистонликларнинг кўнглини тоғдай кўтарди.

Зеро, мазкур саммит санъат, маданият, дизайн ва илм-фан орқали мулоқот ва ҳаракатни ривожлантиришга қаратилди. Орол маданият саммити Орол денгизи инқирози ва глобал иқлим муаммоларини ҳал қилишнинг барқарор ечимларини ўрганиш ва амалга ошириш мақсадида етакчи маданият арбоблари, сиёсатчилар, рассомлар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги экспертларни бирлаштирди.

 

Депутатлик фаолияти сайлов округидан бошланади

Ота уйга нега талпинамиз? Ўзимиз туғилиб ўсган кўча, маҳалла, қишлоқ ёки овулга меҳримиз бўлакча. Чунки, унда туғилдик, камолга келдик, ўсиб-улғайдик, бошқача айтганда, инсон деган мақомга эга бўлдик. Шуни оқлагимиз келади. Худди шундай, сайлов округи деб аталувчи ҳудуд ва сайловчи деб аталувчи одамлар эса бизга ишоч билдириб, депутат деган мақомни берди. Буни ҳам оқлашимиз керак. Сайлов округимизга ҳам талпинишимиз, меҳр беришимиз, нафақат фаолиятимиз балки, ўй-хаёлимизда уларнинг манфаатига дахлдор масалалар доим туриши лозим.

Меҳр кўзда, дейди халқимиз. Биз маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайланган округимиз ҳудудида сайловчилар билан учрашувлар ва юзма-юз мулоқотлар ўтказар эканмиз, уларнинг ҳар бирини янада яқинроқ таниймиз, муаммоларини ўрганамиз ҳамда ечимини кутаётган масалаларни аниқлаб, ҳал этиш бўйича масъул ижро органларига таклифлар киритамиз.

Барчамиз биламизки, сўнгги йилларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилди. Уларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан халқ депутатлари Кенгашларининг назорат функцияларини кенгайтириш мақсадида уларга ўндан ортиқ қўшимча ваколатлар берилди. Ўзбекистон – 2030 стратегиясида кўрсатиб ўтилган вазифалар доирасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг ҳақиқий «овозига» айлантириш мақсади қўйилди.

Бундай кенг кўламли ўзгаришларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ва мақсадларнинг самарали амалга оширилиши энг аввало маҳаллий Кенгаш депутатларининг фаоллигига боғлиқ. Депутатнинг фаолияти эса энг аввало сайлов округидан бошланади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, маҳаллий Кенгаш депутати учун халқ депутатлари Кенгаши, ўзи аъзо бўлган доимий комиссия, депутатлик гуруҳи унинг таклиф, ташаббус ва ғояларини кўтариб чиқадиган минбар ҳисобланса, сайлов округи эса ана шу таклиф ва ташаббуслар яратиладиган, шакллантириладиган нуқтадир. Чунки, бу нуқтада энг аввало ҳаётий мактаб ва катта тажриба бор.

 

Сўров ва натижа

Қонунчилигимизга кўра, депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақлидир. Бу депутатлик фаолиятимизни тўлақонли амалга оширишдаги энг самарали институт бўлиб келмоқда. Кўп масалалар депутат сўрови орқали ҳал этилаётганини инобатга олсак, бунга яна бир бора иқрор бўламиз.

Бундан икки йил муқаддам Тўрткўл тумани Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғини раиси Асия Назарова ва маҳалла фаоллари билан биргаликда ҳудуддаги 7-сонли боғча ҳолатини ўрганган эдик. 1961 йилда қурилган мазкур боғча мутлақо яроқсиз ҳолга келиб қолган, шундай бўлса ҳам муассасада болалар тарбияланаётганди. Биз борганимиздан хабар топган ота-оналар ҳам йиғилиб, ўз хавотирларини билдиришган ва янги боғча қурилишида ёрдам сўраб мурожаат қилишган эди. Мазкур масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирига депутат сўрови юборилди. Ўшанда қониқарсиз жавоб олинган бўлса-да, сайловчилар учрашувларда ҳам, қўнғироқ қилиб ҳам масалани қайта-қайта кўтараверишди. Ва ниҳоят икки йилдан буён берилиб келинаётган таклиф инобатга олиниб Тўрткўл тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 сентябрдаги қарорига асосан боғча қурилиши инвестиция дастурига киритилди ва Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлиги қошидаги давлат активларидан самарали фойдаланишни ташкиллаштириш маркази Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармасининг қарори, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг хулосаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2025 йил 28 январдаги буйруғига асосан, яроқсиз бино бузилиб, 120 ўринли замонавий боғча қуриш учун жой тайёрланди. Яқин кунларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ягона буюртмачи инженеринг компанияси томонидан дастурга киритилган объектлар бўйича тендер ўтказилади ва ғолиб бўлган қурилиш ташкилоти томонидан қурилиш ишлари бошлаб юборилади.

Шу йилнинг январь ойида Тўрткўл тумани Наврўз маҳалласи аҳолиси билан учрашувимизда ҳам ҳудуд аҳолиси боғча ёшидаги болалар сони ўсиб бораётгани, янги боғчага эҳтиёж ва бўш жой ҳам борлигини айтиб мурожаат қилишган эди. Мазкур масала бўйича ҳам Мактабгача ва мактаб таълими вазирига сўров юборилиб, мазкур маҳаллада 120 ўринга мўлжалланган замонавий мактабгача таълим ташкилоти қурилиши 2026 йилнинг давлат дастурига киритилиши билдирилган жавоб олинди. Албатта, сайловчиларнинг мурожаатлари ҳал этилаётгани, фикрлари шу тарзда инобатга олинаётгани, тегишли давлат дастурларига киритилаётгани мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг, инсон қадри учун деган тамойилнинг амалий ифодасидир.

 

Муаммоларнинг ечими йўқ эмас

Республикада чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини ислоҳ қилиш доирасида ҳудудларни санитар тозалаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва ҳудудлардан олиб чиқиш соҳасига тадбиркорлик субъектларини фаол жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, соҳада жиддий камчилик ва муаммолар сақланиб қолмоқда, дейилади Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони муқаддимасида. Ана шундай муаммолардан бири Тўрткўл тумани Ёшлик маҳалласидаги сайловчиларимиз билан учрашувда кўтарилди. Хусусан, фуқаролар чиқиндилар «Тоза ҳудуд» кластер МЧЖ томонидан ўз вақтида олиб кетилмаётгани, бир неча кунлаб кўча бўйларида йиғилиб қолиши натижасида атроф-муҳит тозалиги ва ҳавосини бузаётганидан шикоят қилишди.

Шу куни Тўрткўл тумани «Тоза ҳудуд» кластер МЧЖ раҳбари Маматсолий Машарипов ва маҳалла раиси Сейтмурат Меретов билан биргаликда бу ҳолатларнинг сабабларини ўргандик. М. Машариповнинг таъкидлашича, бугунги кунда мавжуд бўлган 28 та махсус техникаларнинг 16 таси ишлаяпти, қолганлари носоз ҳолатда. Ишчи кучи етишмайди. Шунингдек, Тўрткўл ва Элликқаъла туманлари аҳолисининг умумий қарздорлиги 2500 миллиард сўм атрофида. Бундан ташқари, Тўрткўл тумани чиқинди полигони ёпилгани сабаб, чиқиндиларни деярли 40 километр олисдаги полигонга ташлаб келиш учун ортиқча вақт ва маблағ сарф бўлмоқда.

Аммо истеъмолчи ҳақ. Биз кўчама-кўча маҳаллани айланар эканмиз, фуқароларнинг эътирозлари ўринли эканига гувоҳ бўлдик. Икки кун давомида мавжуд техника ва ишчи кучидан фойдаланган ҳолда «Тоза ҳудуд» томонидан маҳалланинг аксарият кўчалари чиқиндилардан тозаланди. Тўғри, бу иш муаммони тўлиқ ҳал қилмайди. Юқорида келтирилган Президентимиз фармонининг амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши эса, муаммога аниқ ечим бўла олади. Зеро, унда аҳолининг маиший чиқиндилар билан боғлиқ хизматлар сифатидан тўлиқ қониқишини таъминлаш, ушбу хизматлар даражасини халқаро стандартларга етказиш ва тадбиркорлар учун жозибадорлигини таъминлаш, ҳосил бўлаётган чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини кескин ошириш, чиқиндиларнинг полигонларда тўпланишининг олдини олиш, атроф-муҳитга етказилаётган салбий таъсирни минималлаштиришга қаратилган қатор чора-тадбир белгиланган.

 

* * *

Сайловчилар билан учрашувлар давомида кўтарилган муаммолардан кўриниб турибдики, туманда ички йўллар, ичимлик ва оқава сув ҳамда бошқа ижтимоий масалаларда қилинадиган ишлар кўп. Бугун муаммоларнинг ечими ҳам йўқ эмас. Масала ўша ечимгача етиб боришда. Яна бир гап, муаммонинг илдизи қўпорилмаса, у бир куни яна куртак очиб, барг ёзаверади.

Мақола муқаддимасида бугунги сайловчи ким? деган саволни ўртага ташлаган эдик. Юқоридагилардан аёнки, бугунги сайловчи нафақат сайлов куни овоз берадиган, балки ўзининг ҳуқуқлари, депутатнинг ваколатларини яхши биладиган, унинг фаолиятини беш йил давомида кузатиб борадиган, керак бўлса баҳо берадиган онг-тафаккурга эга шахсдир. Энг муҳими, у – ўз тақдири, жамият ва давлат келажагини белгилашда ҳал қилувчи куч сифатида намоён бўлмоқда. Бундай сайловчининг ишончини қозониш учун депутатлик фаолиятига виждонан, жуда катта масъулият, билим ва шижоат билан ёндашув талаб этилади.

 

Назира МАТЯҚУБОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

«Ўзбекистон овози», 16.4.2025, №15

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш