
Реклама қонунчилигига кўра, таниқли шахслар, санъаткорлар, жамоат арбоблари, олимлар томонидан дори воситаларини реклама қилиш мумкин эмас. Аммо бугунги кунда ижтимоий тармоқларда сунъий интеллект кўмагида таниқли шахслар қиёфасидан, овозидан фойдаланиб, турли дори воситаларини реклама қилиш ҳолатлари учраяпти. Кўп ҳолларда рекламада чиқаётганини бу машҳур инсонларнинг ҳатто ўзлари ҳам билмайди. Бу эса реклама қонунчилигига зид ҳолатдир.
Умуман, қонунчилигимизда фармацевтик маҳсулотлар ва уларга оид хизматлар ҳақидаги реклама аниқ ва ишончли бўлиши кераклиги, ахборот мижозларига ёлғон, адаштиришга олиб келиши мумкин бўлган мазмундаги реклама тарқатилмаслиги кераклиги белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари ва депутатлари томонидан бир қатор ҳудудларда дори воситаларининг рекламаси ва савдосида қонунчилик талабларига қай даражада риоя этилаётгани ўрганилди. Бу борада бир қатор камчиликлар, қонунга зид ҳолатлар аниқланди.
Бу ҳақда ХДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова ЎзА мухбирига батафсил гапириб берди:
— Ўзбекистонда 2024 йилда рўйхатга олинган дорилар сони 2023 йилга нисбатан 30 фоизга ошган. Бу эса дорихоналарда сотилаётган дорилар сони ошди, деганидир. Аммо дорихоналарда дори-дармонлар сотилишига оид тартибларга тўлиқ риоя қилинаётгани йўқ. “Реклама тўғрисида”ги қонунда қайси дориларни реклама қилиш ёки қилиш мумкин эмаслиги, қандай тартибда реклама қилиш кераклиги белгилаб қўйилган. Аммо реклама қонунчилиги талабларига, белгиланган чекловларга риоя этилмаяпти.
Партиямиз томонидан ўрганишлардан келиб чиқиб, дори-дармон рекламаси бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклифлари ишлаб чиқилади.
PS: Батафсил қуйидаги видеоҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Муҳтарама Комилова,
Анвар Аҳмедов (видеомонтаж),