Сўз – қурултой иштирокчиларига!

 

Шерзод ШЕРМАТОВ,

рақамли технологиялар вазири:

– Гувоҳи бўлдикки, бугунги йиғилишда партиямизнинг сайлов кампаниясида муваффақиятли иштирок этиши билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди, истиқболли режалар, дастурлар ва ғоялар ўртага ташланди. Албатта, масъулиятли сиёсий жараёнда муносиб қатнашиш учун партиямиз барча имкониятларни сафарбар этади, чунки салоҳиятни тўла ишга солиш орқали кутилган натижага эришиш мумкин.

Партиянинг Сайловолди дастури билан танишар эканмиз, бу дастур тўсатдан пайдо бўлиб қолган, айнан шу сайлов кампанияси учун ўйлаб топилган фикрлар мажмуи эмаслигини кўриш мумкин.

Дастур ва шу асосда сўзланган нутқ Халқ демократик партиясининг йиллар давомида шаклланган, сайқалланган ғоя ва мақсадларини тўла ўзида мужассам этган.

Сайловолди дастуридаги барча йўналишлар, унда белгиланган таклиф ва ташаббуслар мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қиладиган асосий вазифалар ҳисобланади. Айниқса, ундаги қуйидаги вазифалар эътиборимни тортди.

Хусусан, мактаблар ўқув дастурларида чет тиллар ва IT бўйича ўқув соатларини кескин кўпайтириш орқали мактаб битирувчиларининг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, сунъий интеллект бўйича мутахассисларни тайёрлаш дастурларини қабул қилиш ҳамда ушбу соҳада ўқитишни қўллаб-қувватлаш ғоялари бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга. Шунингдек, болаларнинг Интернет тармоғида хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий стратегияни қабул қилиш, киберхавфсизлик асослари, жумладан, онлайн фирибгарлик, онлайн таҳдидларни аниқлаш ва улардан ҳимоя қилиш бўйича ўқув дастурларини, кутубхоналар фаолиятига сунъий интеллектни жорий этиш бўйича билдирилган таклифларни ҳам кўпчилик қўллаб-қувватлашига ишонаман.

Дастурда эътиборга сазовор яна кўплаб ғоялар илгари сурилган. Бугунги қабул қилинадиган қарорларни ҳамда партиянинг Сайловолди дастурини қўллаб қувватлаган ҳолда, режа ва дастурлар доирасидаги барча тадбирларнинг юқори савияда, сайлов қонунчилигининг асосий тамойил ҳамда талабларига мос равишда ўтишини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшамиз.

 

Зулайҳо МАҲКАМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари:

– Юқорида таъкидланганидек, октябрь ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашлар сайловларида партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлашимиз бугунги кундаги энг муҳим сиёсий вазифамиздир.

Сайловолди дастурида хотин-қизларнинг, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ғоя ва ташаббуслар ҳам ўрин олган.

Гендер тенгликнинг институционал механизмларини ривожлантириш, аёлларнинг сайловларда, сиёсий партиялар фаолиятида иштирокини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, давлат органларида раҳбарлик лавозимларида аёллар учун 50 фоизлик мажбурий квоталарни жорий этиш белгиланган.

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликка учраган болалар ва хотин-қизлар руҳияти ҳамда келгуси ҳаётига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олган ҳолда, улар ҳақидаги маълумот, расм, видеоларни ижтимоий тармоқларда тарқатишни тақиқлаш масаласига урғу берилган.

Яна бир муҳим ташаббуслардан бири, ҳомиладор ва қарамоғида вояга етмаган болалари бор аёлларга масофавий ишлаш имкониятларини кенгайтириш орқали қўшимча шарт-шароитлар яратиш масаласи бўлиб, бу хотин-қизларимизнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Умуман олганда, партия томонидан илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар жамият ривожланишининг барча жабҳасини қамраб олган, десак муболаға бўлмайди.

Ана шу халқчил дастуримизда белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун сайловларда бир куч, бир жамоа бўлиб ҳаракат қилишимиз лозим.

Электорат манфаатларини ҳимоя қилиш учун Олий Мажлисда ҳам, маҳаллий Кенгашларда ҳам муносиб ўрин эгаллашимизга ишонаман. Бу жараёнда барчангизга куч-қувват, соғлик-саломатлик тилаб қоламан.

 

Назира МАТЯҚУБОВА,

“Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати:

Партиямиз дастурий мақсадлари демократик ривожланган давлатлар тажрибаси ҳамда мамлакатимиздаги ўзгариш ва янгиланишлардан келиб чиққан ҳолда такомиллашиб бормоқда. Айниқса, бу йилги Сайловолди дастури янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамланган “Ўзбекистон - ижтимоий давлат” тамойили ҳамда давлатнинг тегишли ижтимоий мажбуриятларини самарали амалга ошириш каби умуммиллий манфаатлар устуворлигига асослангани яққол кўриниб турибди.

Хусусан, дастурда ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилигига асосланган демократик бошқарувни амалга ошириш тарафдори сифатида партиямиз томонидан очиқ, шаффоф, халқчил ва демократик давлат бошқаруви тизимини жорий этиш билан боғлиқ ғоялар ўз ифодасини топган. Бунда, энг аввало, парламентдаги фракциямиз аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир кўрсатувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мажбурий жамоатчилик муҳокамаси ва экспертизаси механизмини яратишни кўзлаётгани ижтимоий ҳимоя тизимини сезиларли даражада ўзгартирадиган қонунлар ва давлат органларининг қарорлари тегишли жамоатчилик розилигисиз қабул қилинмаслигини таъминлайди.

Мазкур йўналишда “Менинг фикрим” платформасини такомиллаштириш илгари сурилаётгани ҳам фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан фуқароларга давлат бюджети ҳисобидан қимматбаҳо совғалар ҳадя қилишни тақиқлаш, бюджет маблағларини самарасиз ва мақсадсиз ишлатганлик учун жавобгарликни кучайтириш каби масалаларнинг Сайловолди дастуримизда ўз аксини топиши жамиятда “ижтимоий адолат” тамойилининг барқарор бўлишига хизмат қилади.

Албатта, Сайловолди дастуримиздаги халқчил таклиф ва ғоялар, эзгу мақсад ва вазифалар сайлов жараёнида партиямиз ҳамда номзодларимизга овоз берувчилар, қўллаб-қувватловчилар-у ҳайриҳоҳлар кўпайишига имкон яратади.

 

Феруза МАДРАҲИМОВА,

Урганч давлат педагогика институти ректори:

Сайловолди дастурида жамият ривожланишининг барча соҳаларига оид 150 га яқин таклиф ва ташаббуслар жамланганини, улар бугунги кундаги долзарб муаммоларга ечим бўла олиши билан муҳим эканлигини таъкидламоқчиман.

Таълим соҳаси вакили бўлганим учун ушбу йўналишда белгиланган масалалар эътиборимни тортди. Умумий ва касбий таълимда аҳолининг барча қатламига тенг имкониятлар яратиш таклифи бунга мисолдир.

Таълим тизимида қилиниши зарур бўлган ишларимиз ҳали кўп. Шу жиҳатдан дастурда илгари сурилган ташаббус ва ғоялар ҳаётийлиги билан аҳамиятли.

Сайловолди дастурида аҳолининг заиф қатламини ижтимоий ҳимоя қилишда, аввало, иқтисодиётни ривожлантириш зарурлиги белгиланган. Шу асосда кам таъминланган оилаларга бўладиган ижтимоий ҳимояни кучайтиришга эришиш мумкинлиги аниқ кўрсатиб ўтилган.

Ушбу сайлов партиямизнинг сиёсий мавқеи ва имиджини ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириши учун имконият. Бунда, аввало, партиямиз фаолиятини тарғиб қилиш, номзодларимизни сиёсий майдонга олиб чиқиш, келгуси беш йилликда партиямиз қандай ғоя ва ташаббусларини илгари сураётгани ҳақида электоратимизни, сайловчиларимизни хабардор қиладиган муҳитни яратишимиз зарур.

Аниқ ва эришиш мумкин бўлган мақсадлар одамларни сайловда фаол иштирок этишга, партияни қўллаб-қувватлашга ундайди. Шу нуқтаи назардан партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишга ва партиямиз дастурий ғоя ва мақсадларини амалга оширишга қаратилган Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлайман.

 

Жавлонбек АБДУЛЛАЕВ,

Косонсой тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази мутахассиси,

туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

Бугунги кунда ҳам ногиронлиги бўлган шахслар ўзини тўлақонли жамият аъзоси деб ҳис этиши учун инфратузилманинг етишмаслиги, малакали тиббий ёрдам, таълим олиш ва иш билан таъминлашда қийинчиликлар мавжудлигини тан олишимиз керак. Бизнинг вазифамиз бу муаммоларни ҳал қилиш ва ногиронлиги бўлган шахсларга бошқалар билан бир қаторда тўлақонли ҳаёт кечириш имкониятини беришдир.

Миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар учун тенг имкониятларни таъминлаш бўйича меъёрий қоидаларига тўлиқ мувофиқлаштиришга эришиш вазифаси ушбу йўналишдаги энг асосий ташаббуслардан ҳисобланади.

Шу билан бирга ногиронлар учун объектлар ва хизматларнинг қулайлиги миллий стандартларини ишлаб чиқиш ҳамда қонун даражасида мустаҳкамлаш, ногиронлиги бўлган шахслар ҳаракатланиши учун қўшимча имкониятлар яратиш, кўзи ожизлар учун электрон ахборот эшитиш мосламаларини, светофор ва махсус йўлакларда ногирон шахсларни огоҳлантирувчи овозли электрон жиҳозларни ўрнатиш каби ташаббуслар жамиятда тўсиқсиз муҳитни шакллантириш имконини беради.

Сайловолди дастуридаги парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда ҳамда давлат фуқаролик хизматида ногиронлиги бўлган шахслар учун квота жорий этиш таклифи эса янада аҳамиятлидир.

Олдимизда сайловларнинг муҳим ва энг қизиқарли жараёни, яъни, сайловолди ташвиқоти турибди. Юқорида таъкидланганидек, партия дастурий мақсадларини халққа етказиш ва уларнинг ишончини қозонишда Сайловолди дастури муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Сайловолди дастури шунчаки ҳужжат эмас, бу халқ билан тузган ижтимоий шартномамиз ҳисобланади. Дастур бизнинг қадриятларимиз, мажбуриятларимиз ва келажакка қарашларимизни акс эттиради. Унинг ҳар бир бандини жамият ҳаётидаги муаммоларга аниқ жавоб ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси, дейиш мумкин. Биз халқимиз билан биргаликда барчага муносиб келажакни яратишга қатъийлик, масъулият ва ишонч билан ҳаракат қилишимиз керак.

 

Малика ҚОДИРХОНОВА,

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси:

Дастурда халқимизни ҳозирги кунда ўйлантираётган долзарб масалалар бўйича аниқ ечимлар киритилганига гувоҳ бўлдик. Барча ғоялар фақатгина жамият ҳаётини яхшилашга, юксалтиришга қаратилган.

Ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича самарали сиёсатни амалга ошириш белгиланмоқда. Унда иш билан таъминланмаган фуқаролар, айниқса, ишсиз аёллар сонини камайтириш, камбағаллик ҳолатига тушиб қолишининг олдини олишга ёки камбағаллик тоифасига кириб қолган фуқароларни ундан чиқаришга оид таклифларни алоҳида эътироф этиш жоиз. Ёки бўлмаса, “Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ҳам долзарб аҳамиятга эга.

Умуман, дастурда ҳар жиҳатдан мукаммал ва мамлакатимизни келгусида тараққий эттиришга қаратилган аниқ мақсадлар белгилаб олинган.

Шуни қайд этиш керакки, сайловнинг барча жараёнида партиямиз ташкилотлари ва депутатлик корпуси фаол иштирок этади. Кўзланган маррага эришиш учун бизда барча имконият мавжуд. Чунки ўтган йиллар давомида партиямиз катта сиёсий тажриба тўплаган.

Бизнинг партия тарғибот ва ташвиқот жараёнларида ғоя-ташаббусларини сайловчиларга етказиш ҳамда халқ орасига кириб бориш бўйича ўз стратегиясига эга. Шундай экан, Халқ демократик партияси сайловда муносиб қатнашишига ишончим комил.

 

Олим РАВШАНОВ,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси:

Партиямиз илгари сураётган ғоя ва мақсадлар маълум бир қатлам манфаатларигагина хизмат қилмайди, балки барча учун бирдек манфаатли ва муҳим. 2019 йилги Сайловолди дастуримизда 82 та ғоя ва мақсад илгари сурилган эди. Ҳозирга қадар уларнинг 70 дан ортиғи турли даражада амалга ошди.

Сайловдан кейин 12 асосий қадам белгилаб олинган эди. Мана шу қадамлар доирасида эришилган кўплаб ютуқлардан айримларини мисол келтираман. Масалан, минимал истеъмол харажатлари жорий этилди. Энг кам истеъмол харажатлари кўрсаткичи камбағаллик мезони ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритиш учун асос сифатида қўлланиб келинмоқда.

Бошқа бир мисол. БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси ратификация қилинди. Бу ногиронлиги бор юртдошларимизнинг таълим, тиббий ёрдам олиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши, иш билан таъминланиши, қисқаси, ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳисоблашида беқиёс аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, фуқароларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди.

Бу нарсалар ўз ўзидан амалга ошиб қолгани йўқ. Партиямиз сиёсий куч сифатида, электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда долзарб масалаларни кўтариб, қонуний ечим топилишида муҳим ўрин тутгани натижаси бу. Ҳали олдимизга қўйилган мақсад-вазифалар эса кўп.

 

Сайёра ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

Маълумки, сўнгги йилларда давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг ролини ошириш, уларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини янада фаоллаштириш мақсадида кенг майдон яратилди.

Сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатасига депутатликка номзодлар кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоизни ташкил этиши ёки партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар беш нафар номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозимлиги Сайлов кодексида белгилаб қўйилди. Эътиборлиси, Халқ демократик партияси аъзолари сонининг қарийб 50 фоизини аёллар ташкил қилади. Бу борада ҳам биз замон билан ҳам, қонунчилик билан ҳам ҳар томонлама ҳамнафасмиз.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига партия томонидан кўрсатилган умумий 175 нафар номзоднинг 47,4 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётганининг ўзи ҳам фикримиз исботи ҳисобланади. Шунинг ўзиёқ биз, аёлларга нисбатан билдирилаётган катта ишончнинг ёрқин намунаси, десам муболаға бўлмайди.

Халқ демократик партияси ҳар бир сайловда хотин-қизларга алоҳида урғу бериб келиши ҳаммага аён. Янги Сайловолди дастуримизда ҳам оғир ижтимоий аҳволга тушган аёллар учун арзон уй-жойлар қурилишини янада кўпайтириш, аёллар меҳнатига ихтисослаштирилган ишлаб чиқарувчи ташкилотлар қошида оилавий мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш, ҳомиладор ва қарамоғида вояга етмаган болалари бор аёлларга масофавий ишлаш имкониятларини кенгайтириш орқали уларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш каби вазифалар белгиланган.

Партиямиз дастуридан ўрин олган хотин-қизлар ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган салмоқли ташаббуслар бу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.

«Ўзбекистон овози», 11.09.2024, №36

 

 

 

 

 

Теглар

Қурултой Партия муносабати Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш