Сир эмаски, мамлакатимизда аҳоли сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу эса уй-жойга бўлган эҳтиёжни ҳам оширади. Шунинг учун аҳолини уй-жой билан таъминлаш, айниқса, уй-жойга муҳтож ёки кенгайтириш эҳтиёжи бўлган, кам таъминланган, етарли даромадга эга бўлмаган кишиларга енгилликлар яратиш мақсадида ипотека кредити бозоридаги қонунчилик такомиллаштирилиб, қатор имтиёз ва қулайликлар яратилди. Натижада бир неча йил олдин кимларгадир орзу бўлган уй сотиб олиш масаласи бугун қонуний ечимига эга бўляпти.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган “Ипотека кредити бозорининг ривожлантирилиши ва кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам ана шундай яхшиликларга ишора, дейиш мумкин.
Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг бугунги йиғилишида мазкур лойиҳа биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Таъкидландики, ипотека бозорини узоқ муддатли ресурслар билан таъминлашда фақат давлат бюджети ёки ташқи қарз маблағларини жалб этмасдан ипотека бозоридаги воситалардан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Одатда банк ипотека кредитини ажратганидан сўнг ушбу маблағлар қайтишини 20 йил кутиши керак. Банклар ажратилган маблағлар айланмасини тезлаштириш учун ушбу кредитларнинг ўзини актив сифатида ишлатади (яъни уларни бошқа шахсга сотади ёки гаровга беради).
Гаров хатининг афзаллиги эса уни бошқа шахсга берганда ипотека кредити бўйича барча ҳуқуқлар автоматик равишда ушбу шахсга ўтади. Бунда кредит ва ипотека шартномаларига нотариал тартибда ўзгартириш киритиш ҳамда уларни давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмайди.
Депутатлар лойиҳада таклиф этилаётган амалдаги қонунчиликда назарда тутилган гаров хати механизмини такомиллаштириш орқали ипотека бозорига узоқ муддатли ресурсларни жалб этиш ва ипотека кредитини актив сифатида муомалага киритиш бўйича меъёрни маъқуллади.
Шу билан бирга, гаров хатини расмийлаштириш, рўйхатдан ўтказиш ва айланмаси тартибини соддалаштириш зарурати борлиги қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, гаров хатини расмийлаштириш, рўйхатдан ўтказиш ва айланмаси тартибини, ва тегишли равишда ипотекани қайта молиялаш жараёнини соддалаштириш учун, гаров хатини онлайн тартибда ёки давлат хизматлари марказларига бориш орқали расмийлаштириш имкониятини, шунингдек электрон гаров хати концепциясини жорий этиш бўйича фикрлар муҳокама қилинди.
Ҳозирги пайтда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан гаров хатини расмийлаштириш пайтида томонларнинг иштирок этиши, ариза берувчиларнинг Кадастр органларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиши талаб қилинади, бу эса жиддий қийинчиликларни келтириб чиқаради. Лойиҳа билан гаров хатини онлайн тартибда ёки давлат хизматлари марказларига бориш орқали расмийлаштириш маъмурий харажатларни камайтириши ва вақтни тежаш имконини бериши ижобий қабул қилинди. Чунки бу орқали гаров хатидан фойдаланиш имконияти ошади.
Савол-жавоблар ва муҳокамалардан сўнг лойиҳа биринчи ўқишда маъқулланди.
Фракция йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига назорат остидаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш ҳамда бу йўналишда ички ишлар органларининг ваколатини кенгайтиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Унга кўра, ички ишлар органларида назорат остида турган махсус тоифа шахслар ўртасида қонун устуворлигини таъминлаш, улар онгида қонунга итоаткор хулқ-атворни, инсонга, меҳнатга, ижтимоий турмуш қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-ижроия ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши таклиф этилмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасида кўрсатилаётган моддалар ва меъёрлар бўйича қизғин муҳокама ўтказди ва ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.
Хусусан, Улуғбек Вафоев тушунтириш хатида ёзилган маълумотларга эътироз билдирди. Гап шундаки, таклиф этилаётган меъёрларни асослаш учун халқаро тажриба ўрганилган. Аммо қонун ташаббускорлари таклиф этилаётган ўзгартиришлар қайси мамлакатларда борлиги ва у ерда қанчалик ўзини оқлаганини эмас, аксинча, қайси мамлакатларда бу амалиёт қўлланилмаслиги ҳақидаги маълумотлар киритган. Бу эса депутатларнинг ўрганиши, фикр билдириши ва лойиҳа юзасидан қарор қабул қилишда тушунмовчиликни, иккиланишни юзага келтиради.
Шунингдек, ҳар қандай янгилик, ўзгариш жиноятнинг оқибатлари билангина курашмасдан, профилактикага ҳам хизмат қилиши зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун, жиноят содир этилган ҳудуддаги профилактика инспекторининг ишга масъулиятсизлиги учун чораларни кучайтириш, ўта оғир жиноят содир этган шахсларнинг пробацияга олинишини қайта кўриб чиқиш каби масалаларда фикрлар билдирилди.
Қатор фикр-мулоҳазалар, навбатдаги ўқишгача қадар кўриб чиқиладиган ҳамда инобатга олиниши керак бўлган таклифлардан сўнг депутатлар лойиҳани концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлади.