“Оилавий (маиший) зўравонликлардан ҳимоялаш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилди. Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Мавжуда Ҳасанова депутатларни лойиҳа билан таништирар экан, баъзи масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.
— Ўзбек халқи учун оиланинг муқаддаслигини сақлаб қолиш, уни мустаҳкамлаш давлатимизнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Минг афсуски, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилишига қарамай, оилавий (маиший) зўравонлик ҳолатлари ортиб бораётганлиги ачинарли ҳолат.
Хусусан, 2023 йилда оилавий-маиший зўравонликка учраган хотин-қизларга 40 055 та ҳимоя ордерлари расмийлаштирилган бўлса, жорий йилнинг 6 ойида бу кўрсаткич 21 818 тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига (14 583) нисбатан 3 001 тага ёки 20 фоизга кўпайган. Шуни инобатга олган ҳолда, соҳадаги мавжуд муаммо ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилмоқда, биринчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) ва Жиноят кодексининг 1261-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) болага, васийлик ёхуд ҳомийлик остида бўлган вояга етмаган шахсга нисбатан оилавий зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик билан тўлдирилмоқда.
Иккинчидан, Жиноят-процессуал кодексининг 583-моддасига ўзгартириш киритилиб, оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киришидан олдин яъни оилавий (маиший) зўравонлик содир этган шахс фақат судда ярашув тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келгусида оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишига, тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахсни ижобий томонга ўзгаришга, болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашини олдини олиш самарадорлиги ошишига ҳамда оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни, шунингдек хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларига оид халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.