ИНСОНПАРВАРЛИКНИНГ ЯНА БИР ЁРҚИН НАМУНАСИ
ИНСОНПАРВАРЛИКНИНГ ЯНА БИР ЁРҚИН НАМУНАСИ

Бугун мамлакатимизда шиддат билан олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар орасида инсон эрки, ҳуқуқи, шаънини ҳимоя этиш бўйича нақадар муҳим ишлар қилинаётганини кўрган кўриб, билган билиб турибди. Дунё тан бериб, эътироф этмоқда. Оддий одамлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар манфаатини кўзлаб, беқиёс меҳр-мурувват кўрсатилмоқда. Яқинда Сурияда ҳимоясиз, нажотсиз дарбадар бўлиб кўчада қолган бир гуруҳ ҳамюртларимиз катта қийинчиликлар билан она Ватанга қайтарилди. Сўнгра билиб-билмай жиноятга қўл урган, аммо қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган, қатъий тузалиш йўлига ўтганлардан 4 мингга яқини афв этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлигининг Қўнғирот тумани, Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида 2019 йил 2 августда имзолаган қарори инсонпарварликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.

Умуминсоний қадриятларга дахлдор бўлган бу қарор бутун дунёга ёйилди. Давлат ва сиёсат арбоблари бу янгиликка эътибор қаратиб, унга юксак баҳо бера бошлашди.

Биринчилардан бўлиб муносабат билдирган АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Памела Спратлен шундай деди:

— Жуда ҳам рамзий аҳамиятга эга қарор! Модомики, Жаслиқ тўлиқ ёпилар экан, бу воқеа ўтмиш билан ришталарни узиш учун ўта кучли ва зарур ишора бўлди. Янги Ўзбекистон учун ундай масканлар керак эмас ва ҳукумат буни англаб етгани ниҳоятда муҳимдир.

Human Rights Watch ташкилоти вакили Стив Свердлоу бу қарорни “Ўзбекистондан фантастик янгилик” деб баҳолади ва “Президент жуда катта сиёсий жасорат намойиш этди”, деди.

Дарҳақиқат, Қўнғирот тумани Жаслиқ қўрғони ҳудудида жойлашган бу қамоқхонанинг ёпилиши мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди. Халқимиз бу қарордан мамнун бўлиб, ўз миннатдорлигини билдирмоқда. Бунинг бош сабаби нимада? Кўплаб мамлакатлар давлат ва сиёсат арбоблари бу воқеага нега катта эътибор билан қарамоқда.

Биринчидан, 1999 йилда қурилган бу қамоқхона ҳақида гап-сўзлар кўп эди. Маҳбусларга муносабат масаласида турли миш-мишлар юрарди. Тўғриси, Ўзбекистон обрўсига путур етказадиган ҳар хил қарашлар бор эди. Одамлар орасида “борса, келмас”, деб ном олган бу қамоқхона Ўзбекистондаги демократик жараёнларга, халқимиз руҳиятига ҳам мос келмас эди.

Иккинчидан, бу ҳудудда ёзнинг жазирамаси, қишнинг аёзига чидаш осонмас. Бунинг устига, ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар бор эди.

Яна бир муҳим сабаб — бу колония Нукус шаҳридан 300 км., Қўнғирот тумани марказидан 180 км. узоқликда жойлашгани маҳкумларнинг оила аъзолари, қариндошлари учун катта қийинчиликлар туғдирарди.

Шунинг учун ҳам бу қамоқхонанинг ёпилиши ҳар жиҳатдан тўғри бўлиб, одамлар манфаатига мос келади. Маҳкумларнинг ҳуқуқларини кафолатлайди, уларнинг сақлаш шароитларини яхшилайди.

Кеча Миллий матбуот марказида ушбу воқеага бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида ҳам қарорнинг аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталинди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари Баҳромбек Адилов бу қамоқхонада оғир ва ўта оғир жиноятлар содир қилган ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганлар сақланиб келинганини айтди. Бу колониянинг бугунги кундаги лимити 1100 ўринли бўлиб, ҳозирги кунда 395 нафар маҳкум сақланаётгани, улардан атиги 10 фоизи диний-экстремистик жиноятлар учун ҳукм қилинганлар эканини таъкидлади.

Шунингдек, матбуот анжуманида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга нисбатан қийноқ ва бошқа тазйиқлар ўтказиш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш учун бугунги колониялар ҳудуди 2648 та замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозланганига эътибор қаратилди. Матбуот анжуманида айтилдики, қарорда кўрсатилган бир ой муддатда маҳкумлар суд томонидан белгиланган жазони ўташ тартибига кўра, судланганлар оиласи яшаб турган ҳудудларга яқин жойдаги колонияларга жойлаштирилади.

Журналистлардан бири Жаслиқдаги колония ўрнида келгусида нима бўлиши билан қизиқди.

— Бу колония келгусида бошқа бирон объектга айлантирилиши ҳозирча номаълум, — деди ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи Жамшид Султонов. – Лекин шуни аниқ айтаманки, 19-сон жазони ижро этиш колонияси ўрнида энди бошқа колония ташкил этилмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев фаолиятининг, сиёсатининг ўзига хос жиҳати шундаки, у давлат раҳбари сифатида иш бошлаган дастлабки кунларданоқ фуқароларимиз эрки, ҳуқуқлари, шаъни, қадрини ҳимоя қилишга қатъий киришди. Бу ишлар осонликча амалга ошмаётганини кўриб турибмиз. Узоқ йиллар давомида фуқаролар ҳақ-ҳуқуқини, қонунларни оёқости қилиб келган идораларнинг нопок, худбин, одамларни жазолашдан роҳатланадиган золимларидан тозалаш учун муросасиз кураш олиб борилмоқда. Жаслиқдаги колонияни ёпиш тўғрисидаги қарор инсон ҳуқуқи ҳимояси, инсон қадрини улуғлаш бўйича қилинаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Бу қарор мамлакатимизнинг узоқ бир чеккасидаги қамоқхонада ётган маҳкумлар манфаати ва тақдири тўғрисида қайғуришнинг амалий ифодаси бўлди. Адолатли иш бўлди. Давлатимизнинг бугунги сиёсатига мос иш бўлди. Хайрли ва савобли амал бўлди. Бу воқеанинг аҳамияти ва қадрига етмоқ керак, албатта.

 

Сафар ОСТОНОВ

← Рўйхатга қайтиш