ТАДБИРКОР ЎЗИНИНГ ҚОНУНИЙ ҲАҚ-ҲУҚУҚИНИ ТАЛАБ ҚИЛАЯПТИ
ТАДБИРКОР ЎЗИНИНГ ҚОНУНИЙ ҲАҚ-ҲУҚУҚИНИ ТАЛАБ ҚИЛАЯПТИ

Наманган шаҳар ҳокимлиги нимани истаяпти?

Таҳририятимизга Наманган шаҳар, Оромгоҳ кўчаси 5-уйда жойлашган «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» масъулияти чекланган жамиятидан шикоят аризаси келиб тушди. Унда баён қилинишича, шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосари жамиятга тегишли бўлган, қонуний ҳисобланган 49 фоиз улушни, яъни 242 миллион 547 минг 363 сўм пулни ҳар хил йўллар билан тан олмай, қонунга зид ҳаракатлар қилмоқда, бу жамиятни муассисликдан четлаштирмоқчи...

Ушбу шикоятда келтирилган фактларга ишониб-ишонмай Наманган шаҳрига йўл олдик. Ахир, биринчи навбатда ҳокимлар тадбиркорни қўллаб-қувватлаши керак эмасми? Иш ўрни яратадиганлар айнан тадбиркорлар-ку. Яқинда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида тадбиркор ва туман ҳокими ўринбосари ўртасида содир бўлган уятли воқеа бошқа ҳокимларга сабоқ бўлиши керак-ку.

Кўп бор таъкидланганидек, тадбиркор ўзининг бола-чақасидан қийиб, тўплаган пули, мол-мулкини янги иш ўрни очишга сарфлайди. Банкдан кредит олса, уни ҳам фоизи билан ўзи тўлайди. Унга ҳеч ким ҳар 15 кунда бюджетдан аванс ёки ойлик бермайди. Тадбиркор ўзини ўзи эплаши учун ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имконияти ва маблағини сарфлаб, кеча-ю кундуз жонини жабборга бериб ишлайди, нафақат ўз оиласини, балки эл-юртни ҳам боқади.

Шу боисдан ҳам Президентимиз томонидан улар меҳнатига юқори баҳо берилмоқда: «Тадбиркор бу ҳақиқий фидойи инсон. Шахсан мен бундай инсонларни, иккитагина янги иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман»;

«Тадбиркор йўлига қарши чиқиш давлат сиёсати, Президент сиёсатига қарши чиқишдир».

Шу каби ўй-фикрлар билан Наманган шаҳрига етиб келдик.

Шикоят аризада келтирилган телефон рақамига қўнғироқ қилдик. «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» масъулияти чекланган жамиятининг адвокати Лазизхўжа Турғунов гўшакни кўтарди. У аввало, жамиятни ташкил этган ва минглаб одамларни иш билан банд бўлишига, қанчалаб оилаларнинг фаравон ҳаёт кечиришига хизмати сингган инсон билан суҳбатлашиб кўришимни айтди.

— Анча йиллардан бери қурилиш материаллари соҳасида тадбиркорлик қилиб келаман, — дейди Шамсиддин Ғовсиддинов. — Тўққиз-ўн йил олдин қурилиш материаллар дўконлари шаҳарнинг бир қанча жойларида бетартиб жойлашгани учун одамлар ўзларига керак бўлган қурилиш материалларининг бирини шаҳар марказидан олса, иккинчиси учун шаҳарнинг бошқа бир четига боришарди. Шунда мен «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» масъулияти чекланган жамиятига қарашли бўлган бино ва ер борлигини ҳисобга олиб қурилиш материаллари бозорини ташкил этишни мақсад қилиб, керакли ташкилотларга мурожаат қилдим.

2009 йил 6 августда қабул қилинган «Наманган шаҳрини 2009-2012 йилларда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар Дастури тўғрисида»ги қарор туфайли ишларим юришиб кетди. Шаҳарда кенг кўламли қурилиш ишлари бошланганлиги сабабли, қурилиш материалларига эҳтиёж кескин оша бошлади. Шуни ҳисобга олиб, «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖ шаклида бозорни ташкил этдик. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ бозорнинг Низом жамғармасидаги 51 фоизлик улуш жойлардаги маҳаллий ҳокимият органларига тегишли бўлиши лозим эди.

Шундан сўнг «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» масъулияти чекланган жамиятимизга тегишли бўлган 4.19 гектар ерни 2011 йилда Наманган шаҳар ҳокимлиги захира ер фондига бозор ташкил этиш учун топширдим. Ерни топширганимдан сўнг Наманган шаҳар ҳокимлиги ва «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖ томонидан «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» савдо комплекси МЧЖ ташкил этилди ва унинг устав фонди қуйидагича тақсимланди: Наманган шаҳар ҳокимлиги — 4.19 гектар ер (252 миллион 447 минг 256 сўм), яъни 51 фоиз улуш билан, «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖ бўш турган бино, 14,6 куб метр ёғоч (қиймати 17 миллион 543 минг 363 сўм) ва 750 минг килограмм цемент (қиймати 242 миллион 547 минг 363 сўм), яъни 49 фоиз улуш билан бозорнинг устав фонди шакллантирилди.

Шу тариқа ўзим орзу қилган қурилиш молларига ихтисослаштирилган бозорни ташкил этдим. Бозорда жойлашган беш юздан ортиқ савдо шохобчаларини ўзимнинг маблағим ҳисобига қуриб, тадбиркорлар савдо қилиши учун уларга текинга бердим. Улардан фақат ҳар ойда бир марта ижара ҳақини олиб, давлат ғазнасига ойига 500-540 миллион сўм топширардим. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳар битта савдо шохобчасида биттадан тадбиркор бўладиган бўлса, тадбиркор ўзига ёрдамлашиш учун яна икки нафар ишчини ёнига олган. Шунда ўрта ҳисобда тадбиркорнинг ўзи билан уч нафар одам ишли бўлган. Энди 3 нафар ишли одамни мингга кўпайтирсак, уч минг нафарни ташкил этмоқда. Уч нафар ишли одамнинг оила аъзолари ўрта ҳисобда ўзи билан 4-5 нафарни ташкил этса, 10 мингдан ортиқ оиланинг бугун қора қозони қайнаб турибди. Мен нима демоқчиман, 4.19 гектар еримни ҳокимият ҳисобига ўтказиб, бозор ташкил этганим, одамларга фойдам текканидан фахрланаман...

Бироқ шунча қилган меҳнатимни Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдуразақов ва унинг ўринбосари Улуғбек Холиқов саробга айлантирмоқчи бўлаётгани алам қилади. Улар мени қонуний ҳисобланган «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖдаги йиллик 49 фоиз улушимни тан олмасдан бекор қилиб, жамият таъсисчилигидан чиқариб юборишмоқчи. Улар мансаб ваколатидан фойдаланиб, бир қанча ишларни амалга оширишди. Икки йил олдин «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖга мен раҳбарлик қилган бўлсам, ҳозир эса ҳоким ва унинг ўринбосарининг одамлари раҳбарлик қилмоқда. Улар мени ўз айбини яширибди, деб ўйлашмасин, очиқ айтаман, 2016 йилнинг декабрида бозорларга текширувчилар келди. Шунда камомад чиқиб қолди. Камомад қаердан келиб чиққанлигини аниқлаш ва уни тўлаш билан боғлиқ ишлар билан овора бўлиб юрганимда Наманган шаҳар ҳокими бўлиб Шавкат Абдуразаков келибди. Чиққан камомадларни тўлаб, ишни ёпиб келсам, бозорда янги раҳбарият шакллантирилибди. Бунинг устига, жамиятимизнинг қонуний 49 фоиз улушини тан олмай, бизни таъсисчиликдан чиқариш бўйича анча ишларни ҳам амалга ошириб қўйибди. Шундан сўнг мен ва ўғлим, 2017 йилда «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖнинг раҳбарлигини ўғлим Анасхон Ғовсиддиновга топширгандим, қонуний улушимиз тан олинишини сўраб, Наманган туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилдик. Суд ишни адолатли кўриб чиқиб, бизнинг фойдамизга қарор чиқариб берди.

Шунда ҳам ҳоким ва унинг ўринбосари, бозорнинг янги раҳбарияти ҳар хил важларни келтириб, вилоят иқтисодий судига мурожаат қилишибди. Суд эртага ўтказилиши белгиланган. Келишингиз суд бўлишига тўғри келибди. Сиз ҳам ушбу очиқ судда қатнашсангиз. Ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини суд жараёнида билиб олардингиз. Шундан сўнг суҳбатимизни давом эттирардик...

Эртаси куни эрталаб вилоят иқтисодий судига етиб бордик. Наманган вилоят иқтисодий судининг судьяси Алишер Абдураҳмонов раислигида даъвогар — «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖнинг — жавобгар Наманган шаҳар ҳокимлиги, қўшимча жавобгар — «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖларнинг «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖнинг 28.06.2019 йилдаги умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги даъво аризасини ҳамда «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖни «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖ таъсисчилигидан чиқариш тўғрисидаги шикоятини кўриб чиқди.

Ушбу очиқ суд мажлисида қуйидагилар маълум бўлди:

Аниқланишича, Наманган шаҳар «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖ устав фонди 494.994.619 сўм миқдорида белгиланган бўлиб, шундан Наманган шаҳар ҳокимлиги 252.447.256 сўм (51 фоиз), «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖ 242.547.363 сўм (49 фоиз) этиб тақсимланган. «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖ 2019 йил 28 июнь куни навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиб, «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖни жамият таъсисчилигидан чиқариб юборган, «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» номи «Наманган барака қурилиш моллари савдо комплекси» МЧЖ деб ўзгартирилган. «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖ мазкур қарордан норози бўлиб, суддан уни ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб, даъво ариза киритган.

Жавобгар — Наманган шаҳар ҳокимлиги судга қарши даъво ариза киритиб, «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖ ўзининг хатти-ҳаракати билан «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖнинг фаолиятини қийинлаштириб қўйганлиги сабабли уни таъсисчилигидан чиқаришни сўраган.

Суд томонларнинг важларини муҳокама қилиб, иш материалларини ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра даъво аризани қаноатлантирди, қарши даъво аризани рад этди.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Наманган шаҳар ҳокимлиги 2019 йил 17 май куни «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖга жамият устав фонди шакллантирилмаганлиги сабабли жамиятни қайтадан ташкил этиш, шаклланмаган улушни учинчи шахсларга ўтказиш тартибини белгилаш, ҳокимият томонидан киритилган улушни қайта баҳолаш ва бошқа ташкилий масалаларни кўриб чиқиш учун жамиятнинг навбатдан ташқари йиғилишини 20 июнда ўтказиш ҳақида талабнома юборган.

«Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖ 20 июнь куни соат 17:00 да ўтказилиши режалаштирилган таъсисчиларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишидан хабардор этилган.

Белгиланган куни йиғилишда «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖнинг иштироки таъминланмаганлиги сабабли йиғилиш 28 июнга қолдирилган.

«Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖ 2019 йил 17 июнь куни 38-сонли хати билан «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖнинг йиғилиш кун тартибига жамият таъсисчилигидан чиқариб юбориш тўғрисидаги масаласи ноқонуний ва жамият манфаатларига зид бўлганлиги сабабли бу масалада келиша олмаслигини маълум қилиб, кун тартибига ғайриқонуний масалалар қўйилганлиги сабабли 2019 йил 28 июнь куни жамиятнинг навбатдан ташқари йиғилишига бормаган.

Бироқ йиғилиш ўтказилиб, «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖ жамият таъсисчилигидан чиқариб юборилади, жамиятнинг номи «Наманган барака қурилиш моллари савдо комплекси» МЧЖ деб ўзгартирилади. Ҳокимиятнинг жамият уставидаги 4.19 га ер майдони қайта баҳоланади, «Наманган барака қурилиш моллари савдо комплекси» МЧЖнинг баланси тасдиқланиб, устав фонди 33.750.000.000 сўм қилиб белгиланади.

Судда «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖнинг навбатдан ташқари йиғилиш қарори таъсисчи «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖнинг ҳуқуқ ва манфаатларини жиддий равишда бузганлиги, жамият Низоми ва амалдаги қонун талабларига зид равишда қабул қилинганлиги боис ҳақиқий эмас, деб топилган.

Наманган шаҳар ҳокимлиги қарши даъво аризасида «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖ ўзининг 49 фоиз улушини «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖ устав фондига киритмаганлиги, жамиятнинг навбатдан ташқари ўтказилган йиғилишларига келмаганлиги, бундан ташқари, ҳар хил идораларга ариза ва шикоят билан мурожаат қилиб, ўзининг ушбу хатти-ҳаракати билан «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖнинг фаолиятини қийинлаштираётганлиги учун уни жамият таъсисчилигидан чиқаришни сўраган.

«Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖнинг «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖдаги 49 фоиз улуши борлиги таъсисчиларнинг 31.10.2011 йилдаги 2-сонли қарори, Наманган вилоят адлия бошқармасининг хулосаси, жамиятнинг гувоҳномаси, қарори, Наманган шаҳар Давлат хизматлари марказининг маълумоти, Наманган вилоят ДСБнинг хулосаси, Наманган шаҳар прокуратурасининг хати ва Наманган туманлараро иқтисодий судининг қонуний кучда бўлган ҳал қилув қарори билан ўз тасдиғини топган.

Наманган туманлараро иқтисодий суди «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖ устав фондида 49 фоиз улуш тўлиқ шакллантирилганлиги инкор этиб бўлмайдиган асосли далиллар билан ўз тасдиғини топганлиги сабабли Наманган шаҳар ҳокимлигининг даъвосини рад этган. Мазкур ҳал қилув қарори бекор қилинмаган ва бугунги кунда қонуний кучда.

Шунингдек, вилоят иқтисодий суди Наманган шаҳар ҳокимлигининг «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖни «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдоси» МЧЖ таъсисчилигидан чиқариш тўғрисидаги даъво аризасини қаноатлантиришни ҳам рад этди.

Суд якунланганидан сўнг шаҳар ҳокимининг фикри билан қизиқдик.

У масаладан хабари борлиги, ҳокимлик масъул ходимлари «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖ ўзининг 49 фоизлик улушини шакллантирмаганини айтишгани ва ҳоким бу масалани қонуний йўл билан ҳал қилинишини ходимларга тушунтиргани, шу боис судда даъво ариза кўрилаётганини айтди.

— Кеча бўлиб ўтган судда биз ҳам иштирок эдик. Судда «Ёғоч маҳсулотлари савдоси» МЧЖ «Ихтисослаштирилган қурилиш моллари савдо» МЧЖ устав фондидаги ўзининг 49 фоиз улушини тўлиқ шакллантирганлигини инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан исботлаб берди ва суд унинг фойдасига қарор чиқарди. Бундан хабарингиз борми?

— Бу ҳақда менга ҳеч ким хабар бермади. Суд олий орган ҳисобланади. Суднинг қарори келса, унинг ижроси сўзсиз таъминланади.

— Агар кўнглингизга олмасангиз, яна бир савол берсак бўладими?

— Бемалол, қўлдан келганча жавоб беришга ҳаракат қиламан.

— Суднинг қарори келса, унинг ижроси сўзсиз таъминланади, дедингиз. Вилоят иқтисодий судидан олдин бу ишни туманлараро иқтисодий суди ҳам кўриб, МЧЖнинг фойдасига қарор чиқарган экан. Унинг ижроси нима сабабдан таъминланмай, вилоят иқтисодий судига мурожаат қилинди?

— Туманлараро иқтисодий судидан сўнг масъул ходимларимиз бу ишни вилоятда кўришимиз лозим, қўлимизда бир-иккита асосли фактларимиз бор дейишди. Шундан сўнг вилоятда бу иш кўрилди.

— Вилоят иқтисодий судининг қарори келган вақтда яна масъул ходимларингиз асосли фактларимиз бор дейишса, республика иқтисодий судига ҳам мурожаат қилинадими?

— Сизга суҳбатимиз бошида ҳам айтдим, суднинг қарори келса, унинг ижроси таъминланади.

Шу каби савол-жавоблардан сўнг ҳоким билан суҳбатимиз ҳам якунланди ва сафаримиз сўнгида Шамсиддин ака билан яна учрашдик.

— Вилоят суди қарорини тан олишса, майли эди, — деди у хўрсиниб. — Ёшим 70 дан ошаяпти. Судлашиб, вақтим, соғлиғим кетаётганига ачинаман. Ҳокимлик туманлараро иқтисодий суди қарорини тан олганида бу оворагарчиликлар бўлмасди. Лекин мақсад бизни четга чиқариб, ўзлари мулкка эгалик қилишмоқчи. Энди қариган чоғимда бу ташвишлар одамга оғирлик қилар экан. Кўпчилик яхши билади, бу бозорни қанча қийинчилик билан ташкил этганимни...

— Мен бу бозорга биринчилардан бўлиб келганман, — дейди Сотволди Абдуллаев. — Ўшанда Шамсиддин ака менга ўзи қурган дўконлардан бирини берганди. Олдинига битта дўконни олиб ишлатдим. Секин-аста бошқа дўконларга ҳам тадбиркорларни жалб қила бошладик. Бора-бора дўконлар сони ҳам, тадбиркорларнинг сони ҳам кўпайди. Энг асосийси, аҳолини ўргатдик. Баъзи бир бозорлар бор, у ёққа аҳоли бормайди. Аҳоли бормаган жойда тадбиркорлик қилиб бўладими? Шу боисдан ҳам бу бозорни бозор қилгунча Шамсиддин ака қанча елиб-югурди. Бўлаётган ишлардан хабаримиз бор. Биз бир нарса дея олмаймиз. Бу катталарнинг иши. Аммо Шамсиддин ака бозорга раҳбарлик қилганида ҳамма жой тоза-ораста эди. Эндиги аҳволни қаранг, қайга боқманг, чиқиндига кўзингиз тушади. Савдо дўконлари орасидаги бетонлар кўчиб қолган, бозорнинг атрофидаги арча ва бошқа манзарали дарахтлар сувсизликдан қурий бошлаган. Ҳозирги раҳбарлар бунга эътибор бермаяпти. Чунки улар экиб, парвариш қилмаганда, жони ачимайди. Бозорни бозор бўлишида бир ғишт қўймаган улар...

Хизмат сафаридан қайтиб, кўп саволларга жавоб изладик.

Бу бозорни Шамсиддин ака ташкил этганини кўпчилик яхши билади. Унинг устав фондида 49 фоиз улуши борлиги қатор ҳужжатлар билан тасдиқланиб турибди. Бозор фаолиятини такомиллаштириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ўрнига Наманган шаҳар ҳокимлиги нимани истаяпти? Нега йўқ жойдан муаммо ясаяпти? Шунчалик соддалик қилишяптими ёки бошқа нияти борми?

Бу саволларга тегишли идоралар аниқлик киритади, деб ўйлаймиз...

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

← Рўйхатга қайтиш