ИЖРО ҲАРАКАТЛАРИ ДАВОМ ЭТТИРИЛМОҚДА
ИЖРО ҲАРАКАТЛАРИ ДАВОМ ЭТТИРИЛМОҚДА

Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани, «Бинокор иншоот» хусусий корхонаси раҳбари А.Аззамовнинг таҳририятимизга йўллаган шикоятида суд қарори ижроси таъминланмаётганлиги баён этилган эди. Унинг шикоят аризасини Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига йўллаган эдик. Мажбурий ижро бюросидан жавоб хати келди.

«Бинокор иншоот» ХК раҳбари А.М.Аззамовнинг суд қарорлари ижроси таъминланмаётганлиги ҳақидаги мурожаати кўриб чиқилди.

Аниқланишича, Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг 15.01.2018 йилдаги қарздор «Дўстлик дон маҳсулотлари» АЖдан ундирувчи «Бинокор иншоот» хусусий корхонаси фойдасига 374,4 миллион сўм ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича 06.02.2018 йилдан Бюронинг Дўстлик туман бўлимида ижро иши юритилган.

Бундан ташқари, бўлим иш юритувида қарздордан туман ДСИ фойдасига 2,2 миллиард сўм ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фойдасига 9,8 миллиард сўм қарз ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари мавжуд бўлиб, улар «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 251-моддасига асосан юқорида қайд этилган ижро ҳужжатлари билан йиғма ижро иши юритувига бирлаштирилган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг банкдаги ҳисоб рақамларига банд солиниб, инкасса топшириқномалари қўйилган, унга тегишли мол-мулкларни аниқлаш ва хатлаш чоралари кўрилган.

Жумладан, қарздорга тегишли бўлган Дўстлик тумани, Саноатчилар МФЙда жойлашган 6-уй 182,7 миллион сўм ва Арнасой тумани, «Чўлқувар» ҚФЙ ҳудудидаги марказий созлаш устахонаси 4,8 миллиард сўмга баҳоланган ҳолда электрон-онлайн аукцион савдоларига чиқарилган.

Қарздордан ундирилган ёки унинг мол-мулклари реализациясидан тушган пул маблағлари Қонуннинг 80-моддасига мувофиқ ундирувлар навбатига асосан тақсимланмоқда.

Шунингдек, ижро ҳаракатлари давомида қарздордан жами 19 миллион сўм ундирувчининг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши таъминланган.

Ҳозирда ундирувга қаратилган мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

Мажбурий ижро бюро директори ўринбосари С.А.Бердиалиев»

← Рўйхатга қайтиш