2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси юзасидан Ўзбекистон ХДП Жиззах вилояти Кенгаши партия гуруҳи томонидан изчил равишда назорат-таҳлил ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Нодавлат ташкилотлар ва маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 23-сентябрдан 3 октябрига қадар жамоатчилик назорати тартибида Давлат Дастурининг бир қатор бандлари ижросини ўрганиш юзасидан жойларда мониторинг тадбирлари ўтказилди. Дастлабки натижа ва хулосалар 9 октябрь куни Халқ депутатлари Дўстлик туман Кенгаши сессиясида муҳокама қилиниб, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва тегишли ташкилотларга таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Ўрганишлар давомида Давлат дастурининг 171-бандининг ижросига қаратилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, янги профессионал таълим муассасаларини ташкил этиш, уларга ўқувчиларни қабул қилиш, ўқитиш ва яшаш шарт-шароитларини яратиш ишлари ўрганилди.
Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб вилоятдаги 16 касб-ҳунар коллежлари касб-ҳунар мактабларига, 9 та касб-ҳунар коллежлари вазирлик ва идоралар тасарруфидаги коллежларга, 13 та касб-ҳунар коллежлари олий таълим муассасалари ҳузуридаги техникумларга, 2 та касб-ҳунар коллежлари касбга ўқитиш марказларига айтантирилган.
Ўрганишлар давомида шу нарсалар маълум бўлдики, жойларда янги ташкил этилган профессионал таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар ҳали қониқарли эмас, ўқувчи ва касб-ҳунар ўрганувчи фуқаролар учун замонавий ва янги дарсликлар, услубий қўлланмалар, замонавий асбоб-ускуналар, замонавий IT дарсларини ўргатиш учун ўқув жиҳозлар ва соҳа мутахассислари етишмайди, компьютерлар ва интернет тармоғи билан таъминланмаган, мавжудлари маънан эскирган. Шаҳар ва туманларда жойлашган касб-ҳунар мактаблари ва техникумларни қайта инвентаризация қилиш ҳамда уларга амалий ёрдам беришда тезкор чоралар кўриш зарур.
Жорий йилнинг 30 сентябрь куни давлатимиз раҳбарининг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳам таълим тизими тубдан ислоҳ этилаётгани, ўқитувчи қадрининг оширилгани ва мактабларимиз замонавий тус олаётганини Қоракўл мактаби мисолида айтиб ўтди. Энди умумий ўрта таълим мактабларининг сифат даражасига маҳаллий ҳокимликларнинг ҳам масъулияти оширилганлиги, мактаб раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда ўз фаолияти юзасидан ахборот бериши белгиланмоқда.
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари ўрганишлар якунидан келиб чиқиб, Жиззах вилоятида янги профессионал таълим муассасалари фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган бир қатор таклифлар билан чиқди.
Дўстлик туманидаги Сув хўжалиги вазирлигига қарашли Дўстлик сув хўжалиги ва мелиорация коллежи 2019 йил 6-сентябрдаги Фармонга асосан қайта ташкил этилиб, унга жорий янги ўқув йили учун 6 та касб бўйича 24 сентябрь ҳолатига 70 та абитуриент онлайн тарзда ҳужжат топширган. Қабул якунига қараб махсус фан ўқитувчиларини ишга қабул қилиш режалаштирилган. Ушбу коллеж 600 ўқув ўрнига мўлжалланган ўқув биноси, 100 ўринли ётоқхона, спорт зал, ўқув ишлаб чиқариш устахонаси, ахборот кутубхона мавжуд. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, ушбу коллеж қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежи бўлганлиги сабабли барча жиҳозлар, услубий қўлланмалар, ахборот кутубхона марказидаги дарсликлар ва адабиётлар қишлоқ хўжалиги соҳасига тегишли. Сув хўжалигига оид жиҳозлар, кўргазмали ўқув воситалари ва дарсликлар ҳанузгача келтирилмаган. Савол туғилади, ўқувчилар ушбу коллежда нимани ўрганади? Дўстлик туманида касб-ҳунар мактаби мавжуд эмаслиги сабабли Дўстлик туманидаги умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари (ҳар йили 800 нафардан ортиқ 9-синф ўқувчилари битиради) Арнасой, Пахтакор ёки Мирзачўл туманидаги касб-ҳунар мактабларига бориб ҳужжат топширишга мажбур бўлмоқда. Шу мақсадда Дўстлик туманидаги Сув хўжалиги вазирлигига қарашли Дўстлик сув хўжалиги ва мелиорация коллежи ўрнига касб-ҳунар мактабини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Ушбу масала юзасидан (Сув хўжалиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларига) таклифлар киритиш тавсия этилди.
Вилоятда Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси ҳузурида 16 та касб-ҳунар мактаблари, Жиззах давлат педагогика институти қошида 2 та техникум ва Жиззах Политехника институтининг 2 та техникуми ҳамда турли вазирликлар таркибига кирган янги ихтисослаштирилган коллежларнинг ҳар томонлама замон талабига мос бўлишида туман, шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарларининг амалий кўмагидан фойдаланиш, ўз ҳудудидаги ўқув муассасаларига бириктириш таклиф этилди.
Чекка ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида бир қатор фанлар бўйича, масалан информатика, инглиз ва рус тиллари бўйича малакали ўқитувчилар етишмайди. Шу муносабат билан (Олий ва ўрта таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигига) зарур йўналишлар ва фанлар бўйича педагог кадрларни қайта тайёрлаш, малакали ўқитувчиларни ўқув ва касб-ҳунар мактабларига йўналтириш тавсия этилди.
Арнасой қишлоқ хўжалиги коллежи Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси тасарруфига ўтказилиши белгиланган бўлсада “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан коллежни тасарруфига олиш рад этилган, натижада белгиланган 180 нафар қабул режаси 3 нафарга ёки 1,7%га бажарилган. Шуларни инобатга олиб (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Туризм қўмитасига) Арнасой қишлоқ хўжалиги коллежи фаолиятни қайтадан кўриб чиқиб, Туризм тадбиркорлиги ва хизмат кўрсатиш коллежи деб қайта ташкил этиш таклиф этилди.
Пандемия даврида барча умумтаълим мактабларида ўқувчилар саломатлигини асраш бўйича хавфсизлик чоралари кўрилган бўлиб, Халқ таълими вазирлигидан ажратилган антисептик воситалар, бир марталик салфетка ва ниқоблар билан таъминланган. Аммо ушбу воситалар 10-15 кунга етарли захира қилинган. Карантин муддати чўзилган тақдирда ўқувчиларнинг хавфсизлиги яна муаммо бўлиши мумкин. Янги ўқув йили бошида маҳаллий ҳокимликлар ва халқ таълими бўлимлари ўртасида Коронавирус пандемияси даврида мактабларни антисептик восита ва махсус тиббий буюмлар билан таъминлаш бўйича тузилган шартномага мувофиқ айрим туманлардаги мактаблар белгиланган тиббий воситалар билан таъминланиши кечиктирилмоқда. Ушбу масалани маҳаллий ҳокимликлар туман халқ таълими бўлимлари билан тез фурсатда ҳал этиш чораларини кўриш тавсия этилди.
Шунингдек, назорат-таҳлил давомида Давлат дастурининг бошқа бандлари ижросига ҳам эътибор бердик. Уларнинг таҳлили, берилган таклифлар ҳақида маълумот беришда давом этамиз.
Ҳусан АБДУНИЯЗОВ,
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари.