
Коронавирус оқибатида аксарият жаҳон мамлакатларида қийин вазият, иқтисодий етишмовчиликлар ва инсонларнинг моддий қийналишига сабаб бўлмоқда. Пандемиянинг мамлакатимиз аҳолиси турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда ёрдамга муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Яқинда Президентимизнинг «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра, кам таъминланган 400 мингга яқин оилага жами 400 миллиард сўм миқдоридаги моддий ёрдамлар кўрсатилди. Пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори оширилиб, аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватланишига эришилади. Қолаверса, фармонда 2020 йилнинг якунига қадар 14 ёшгача болалари бўлган эҳтиёжманд нафақа олувчи оилаларнинг амалдаги сони 2 баробарга оширилди. Энг муҳими, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ушбу тизимли ишлар ҳозирги кунда босқичма-босқич олиб борилмоқда.
Ушбу хайрли ишларнинг давомчиси сифатида жорий йилнинг 26 август куни Президентимизнинг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Тез кунларда юртимиздаги таълим муассасалари ишга тушиши режалаштирилмоқда. Бу албатта барчамиз учун қувонарли хабардир. Лекин ҳозирги пандемия шароитида айрим тоифадаги фуқароларимизни фарзандларига қишки кийим-бош, мактаб формаси, ўқув қуроллари ва керакли буюмларни сотиб олиш каби муаммоли савол қийнаб турган эди. Мухтарам Президентимизнинг куни кеча қабул қилган қарорлари мазкур савол уйлантираётган барча фуқароларимизнинг оғирини енгил қилди, десак тўғри бўлади.
Жумладан қарор билан халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини намоён этган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини давом эттириш ҳамда моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари (“темир дафтар”)га киритилган оилаларнинг, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига ҳамда ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган ҳар бир болага қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари сотиб олишлари учун 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.
Таҳлилларга кўра, қарор ижроси билан 800 мингдан ортиқ болаларга 400 миллиард сўмдан ортиқ маблағ берилиб, 1 млн.дан ортиқ инсонларнинг мушкули осон бўлади.
Қолаверса, аҳолимизнинг хавфсизлиги нуқтаи-назаридан жами 1,5 миллион нафар мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим муассасаси тарбиячилари ва соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари 2020 йилнинг 1 октябрига қадар бепул грипга қарши эмланади.
Амалга оширилаётган бу эзгу ишлар инсонпарварликнинг яна бир улкан намунасидир. Мамлакатимизда инсон, унинг манфаати ҳамма нарсадан устунлигини кўрсатади.
Давлат раҳбари томонидан бугунги синовли кунларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, халқимиз хавфсизлигини таъминлаш борасида улкан вазифаларни амалга оширилиши белгилаб берилмоқда. Фақат депутатлар, жамоатчилик ушбу хайрли ишларни сифатли ва манзилли бажарилиши бўйича мунтазам равишда назорат-таҳлил ишларини олиб бориши талаб этилади.
Дурбек Худойқулов,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси Ижрочи котиби.