Кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан, соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, тежамкор ресурс технологияларини жорий этиш ҳамда қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни замонавий техникалар билан таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Президентимиз томонидан 2020 йил 11 май куни имзоланган “Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда Жиззах вилоятининг айрим ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштиришда 2020-2022 йиллар давомида амалга ошириладиган ишлар юзасидан чора-тадбирлар режасини белгилаб бердилар. Ушбу қарор бугунги куннинг энг долзарб мавзуларидан биридир. Чунки, Жиззах вилояти Ўзбекистон Республикасининг марказий қисмида жойлашган ўзига хос тарихга эга, улкан сиёсий, иқтисодий, маънавий мавқега эга бўлган, фан, маданият, туризм равнақ топган вилоятлардан биридир.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган стратегиянинг мавжуд эмаслиги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, соҳага инвестицияларни кенг жалб этишга, ишлаб чиқарувчиларнинг юқори даромад олишига ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга тўсқинлик қилмоқда эди.
Ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, ер ва сув муносабатларини такомиллаштириш, қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, кооперация муносабатларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, соҳага бозор механизмларини, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланишни ушбу қарорда ўз тасдиғини топмоқда.
Таъкидлаш жоиз, хорижий мамлакатларда ер муносабатлари соҳасида ўтказилган ислоҳотлар, ерга нисбатан мулкчилик шаклининг ўзгартирилиши ва ерга нисбатан давлатнинг монопол ҳуқуқи ўзгартирилиб, ундан фойдаланувчилар доираси кенгайтирилиши катта иқтисодий самара беришига олиб келган. Хусусан, Руминияда “Ер тўғрисида”ги қонунга асосан қишлоқ жойларидаги ҳар бир оилага 10 гектаргача (бир киши учун 0,5 гектардан кам бўлмаган миқдорда), лекин 100 гектардан кўп бўлмаган миқдорда ерга эгалик қилиш ҳуқуқи берилди. Деҳқонларнинг томорқа ерлари уларнинг хусусий ерларига айланди. Хусусий мулк сифатида ер олган барча фуқаролар 8 йил муддатга ер солиғи тўловидан озод қилинди. Руминия қонунчилигига мувофиқ, барча ер эгалари қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланишга мажбурдир. Бу қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар ўтказилаётган дунё давлатларидан бири холос.
Шубҳасиз, Президент қарорининг қабул қилиниши мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб беради. Ушбу ҳужжатда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш ва либераллаштириш, мамлакат аграр секторини барқарор ва самарали ривожлантиришнинг, аҳоли фаровонлигини оширишнинг энг муҳим бўғини сифатида қаралаётган қишлоқ хўжаликларининг роли ва аҳамиятини ошириш каби бир қатор вазифаларга эътибор қаратилган.
Энг асосийси, мазкур қарор билан қишлоқ хўжаликлари олдида турган муаммоларни ҳал қилиш, уларга дунё тажрибаларини ўрганишда кўмакдош бўлувчи, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида қилинаётган ишларда ўз тасдиғини топади.
Сўнги йилларда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳажмларини кўпайтириш орқали ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида экин майдонлари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда. Шунингдек, ушбу қарорда белгиланганидек, мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш, маҳсулот етиштирувчиларни мева-сабзавотчилик Жиззах вилоятининг яйрим туманларида етиштириш кўзда тутилмоқда. Бу албатта, ўз самарасини беради.
Жаҳон бозорлари талабларига жавоб бероладиган рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳудудларни ихтисослаштириш тўғри йўл эканлигини Президентимиз ҳам ўз маърузаларида тасдиқламоқда.
Бу эса, туманларда ихтисослашувни, ҳудудларнинг географик жойлашуви, тупроқ-иқлим шароитлари, сув билан таъминланганлиги, шунингдек, деҳқон ва фермерларнинг билим, кўникмалари ҳамда бошқа омилларни эътиборга олган ҳолда тадбиқ этиб, қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштиришни тақоза этади.
Шу сабабли Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, туманлар ҳудудларини тупроқ-иқлим шароитларига мос боғдорчилик, узумчилик, сабзавот-полизчилик, картошкачилик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштириш орқали ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ҳамда илм-фан янгиликларини кенг жорий этиш ва маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш бўйича кенг ишлар қилинмоқда.
Бир сўз билан айтганда мазкур қарор ижроси юртимизда аграр секторни барқарор ва самарали ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишнинг энг муҳим бўғини сифатида қаралаётган қишлоқ хўжаликларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўрол ЎРОЗБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.