Янгиобод туманида инфратузилма чатоқ бўлса, 408 оила камбағалликдан қандай чиқади?
Янгиобод туманида инфратузилма чатоқ бўлса, 408 оила камбағалликдан қандай чиқади?

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 26 мартдаги Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида, айниқса, қишлоқ жойлардаги юртдошларимизнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида муҳим вазифалар белгиланган. Бу катта аҳамиятга эга ҳужжат реал ҳаётда қандай ўзгаришларга аъсос бўлаяпти? Ижрода камчиликлар йўқми?

Ўзбекистон ХДП масъул ходимлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари биргаликда Жиззах вилояти Янгиобод туманида амалга оширилаётган ишларни ўрганиб, ана шу саволларга жавоб қидириб кўрди.

Туман аҳолиси 28500 киши, 8 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғини бор. Камбағал сифатида қайд этилган оилалар 408 тани ташкил этиб, уларда 1844 нафар фуқаро истиқомат қилади. Бу оилалар турмуши ўзгариши учун нима ишлар қилиняпти?

Аввало таъкидлаш керакки, мазкур оилалар камбағалликдан чиқариш учун тумандаги масъуллар ва ташкилотлар томонидан зиммасига олинган экан. 114 та ижтимоий аҳволи ўта оғир деб топилган оилаларга туман ҳокимлиги ташаббуси билан маҳалла жамғармаси қошида ташкил этилган “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси томонидан жами 184 млн. сўм ҳомийлик маблағлари ажратилган. Бу билан 487 нафар фуқаронинг ижтимоий ҳимояси таъминланган.

Ўрганиш давомида “Янгиобод” ва “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қиладиган камбағал оила сифатида рўйхатга олинган оилалар манзилли ўрганилди. Хусусан, “Янгиобод” МФЙ ҳудудидаги Янгиобод кўчаси 27-уйда яшовчи фуқаро Қурбоной Исломованинг оилавий шароити билан яқиндан танишилди. Айни кунларда оиланинг 6 сотихли фойдаланидиган томорқа майдонида маъсуллар томонидан берилган картошка ва помидор кўчатлари етиштирилаётган бўлса, 50 та жўжа ҳам оила аъзолари томонидан парвариш қилинмоқда. Шунингдек, оиланинг бир нафар меҳнатга лаёқатли фарзанди “Баланчақиртекстел” корхонаси томонидан иш билан таъминланган.

Шу кўчада 37-уйда яшовчи Шариф Абдусаматов оиласига қарашли фойдаланиладиган 10 сотих томорқада картошка ва помидор кўчатлари ҳамда нўхат парваришланаётган экан. Бу хонадонда 50 та жўжа боқиляпти. Оиланинг бир нафар аъзоси уй шароитида ишлаши учун тикув машинаси билан таъминланди.

Ишчи гуруҳ томонидан бир қатор салбий ҳолатлар ҳам атрофлича ўрганилиб, масъулларга тегишли хулоса ва тавсиялар берилди. Жумладан, тумандаги “Шодлик” МФЙ Чаманзор кўчаси 7-уйда яшовчи камбағал оила сифатида рўйхатга олинган Э.Жабборов, Баҳор кўчасида яшовчи Д.Юнусов, Чаманзор кўчаси 10 уйда яшовчи Д.Тангиров ҳамда Фидокорлар кўчасида яшовчи Х.Расулбердиевлар оилаларига туман ҳокимлиги томонидан бириктирилган масъуллар хабари йўқлиги, камбағалликдан чиқиш бўйича бирон-бир чора қилолмаётганларини маълум қилишди.

Турмуш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган оилалардан 51 нафар фуқаро турли касбларга ўқитилиб, касбга йўналтирилган: 14 киши тикувчилик, 31 киши қандолатчилик, 6 киши сартарошликка. Ҳозиргача уларнинг 38 нафари ўз ишини топибди.

Ўрганишлар натижасида туман ҳокимлиги мутасаддилари, депутатлар ва фаоллар томонидан камбағалликни қисқартириш масаласида амалга оширилаётган ишларни ривожлантириш борасида ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш лозимлиги тўғрисидаги таклифлар билдирилди.

Хусусан, туманда Халқ банки ва Микрокредитбанкларнинг кичкинагина бўлса ҳам филиаллари мавжуд эмаслиги натижасида муаммолар туғилмоқда. Чунки Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4498, “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3680, “Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4239 сонли қарорлари ижроси айнан ушбу тижорат банклари зиммасига юклатилган.

Туман аҳолисига энг яқин банк филиаллари Зомин шаҳрида жойлашгани қийинчиликлар кўпайишига олиб келган. Ўзи умуман Янгиобод туманида ижтимоий муҳим инфратузилмани тубдан таҳлил қилиб, яхшилаш чораларини кўриш масаласи пишиб етилган. Битта муаммо ҳал этилмагани ортидан бошқа муаммолар ҳам келиб чиқаётган экан.

Натижада давлат дастурлари асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган 4,3 млрд сўмлик кредит маблағларини самарали ишлатишнинг имкони бўлмаяпти.

Шунингдек, “Баландчақир” ва “Шодлик” маҳаллаларида аҳоли томорқасини суғориш учун оқар сув йўқлиги томорқадан самарали фойдаланишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Мазкур муаммо ҳал этилса, ушбу маҳаллалардаги 154 гектар томорқа ердан самарали фойдаланиш, 2-3 мартадан ҳосил олиш имконияти яратилади.

Дўстлик” МФЙ “Пасткичақир” қишлоғи ҳудудида 5 гектар майдонда кичик саноат зонаси ташкил этиш бўйича Жиззах вилоят кичик саноат зоналари бўйича дирекциясига таклиф берилган, аммо ижобий жавоб олинмаган. Мазкур таклиф қамалга ошса, 50 дан ортиқ кичик ва ўрта саноат лойиҳалари амалга оширилиб, 300 га яқин янги иш ўрни яратиларкан.

Ўрганиш жараёнида аниқланган муаммоли ҳолатлар ва аҳоли таклифлари халқ депуталари Янгиобод туман Кенгашидаги партия гуруҳи йиғилишида муҳокама қилиниб, долзарб масалани туман Кенгашининг навбатдаги сессиясига олиб чиқиш ҳақида қарор қабул қилинди.

 

Акмал Турсунбоев,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш