Қорақалпоғистонлик ғолиблар аниқланди
Қорақалпоғистонлик ғолиблар аниқланди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши томонидан “Сиёсатчи аёл” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди. Танловда “Сиёсатчи аёл” кўрик танловининг шаҳар ва туман босқичи ғолиблари ўзаро беллашди.

Кўрик-танловни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов кириш сўзи билан очиб, барча иштирокчиларга самимий тилаклар билдириб, омад тилади.

Танлов қоидаларига мувофиқ, қатнашчилари 3 шарт бўйича ўз билимларини яна бир синовдан ўтказишди. “Хотин-қизлар муаммосини ҳал этишнинг энг самарали йўли” деб номланган биринчи шартда нотиқлик санъати орқали ҳар бир иштирокчи ўзларининг ҳудудларидаги хотин-қизларга оид муаммолар, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, бунда семинар- тренинглар ўтказиш, аҳолининг кенг қатламлари ва оилалардан хабар олиш, ижтимоий шериклик ва тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича эришилган амалий натижаларини олиб чиқди.

“Сиёсий ҳозиржавоблик” шартида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, аҳолини иш билан таъминлаш, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ қабул қилинган қонунлар, Сайлов кодекси, Оила кодекси, Меҳнат кодекси бўйича тузилган саволларга жавоблар орқали билимлар баҳоланди.

Эркин мавзуда хотин-қизлар ўзлари севган машғулотлардан намуналар кўрсатишди.

Қизғин ва кўтаринки кайфиятда ўтган кўрик-танлов якунларига биноан биринчи ўринни Қораўзак тумани 33-сонли мактаби ўқитувчиси Гулбану Кошанова, иккинчи ўринни Нукус шаҳри 1-сонли Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми ўқитувчиси Жайҳун Палимбетова, учинчи ўринни Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Aмударё туман ихтисослаштирилган мактаби ўқитувчиси Чаросхон Норимбетова эгаллади.

Ғолиблар партиянинг Қорақалпоғистон Республика Кенгаши томонидан тайёрланган диплом ва совғалар билан тақдирланди.

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим
← Рўйхатга қайтиш