Аҳолига кўрсатилаёган бандлик хизматларининг самарадорлиги янада ошади
Аҳолига кўрсатилаёган бандлик хизматларининг самарадорлиги янада ошади

 

2024 йил 6 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари бандлик хизматлари такомиллаштирилиши муносабати билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Мазкур қонун лойиҳаси билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонунга иш қидираётган шахсларнинг меҳнат органларига ортиқча ҳужжатларни тақдим этишининг олдини олиш, иш берувчининг бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда юбориш шартларини белгилаш, бандликни рағбатлантирувчи субсидиялар ва ссуда ажратиш механизмларини тартибга солишни ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар номларини аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳаси партия электорати манфаатлари билан бевосита боғлиқ бўлганлиги боис киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларни моддама-модда атрофлича муҳокама қилдилар. Депутатлар ушбу ҳужжат қабул қилингач, меҳнат органларига мурожаат қилган фуқаролардан ортиқча ҳужжатларни талаб қилишга чек қўйилиши, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилишини эътироф этган ҳолда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Қонун лойиҳаси билан шунингдек, иш берувчилар томонидан маҳаллий меҳнат органларига бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш жараёни ҳам соддалаштирилмоқда. Ҳужжат аҳолига кўрсатилаёган бандлик хизматларининг самарадорлигини ошириш, ушбу йўналишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш кўзда тутилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Савол-жавоб, таклифлардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Фракция йиғилишида шунингдек, транспорт вазири И. Маҳкамовнинг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қулай ва хавфсиз транспорт орқали чет давлатларга етиб боришида шарт-шароитларни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти кўриб чиқилди ва Қонунчилик палатасининг мажлиси кун тартибига киритиш масаласи бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Муҳокамаларга бой бўлган йиғилишда кун тартибига киритилган масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш